ТОШКЕНТ, 19 фев — Sputnik. Tashkent Perfect University талабалари учун визуал контент яратишда нейротармоқлардан фойдаланишга бағишланган маҳорат дарси бўлиб ўтди. Эксперт сифатида “Россия сегодня” медиа гуруҳи фотоахборот бошқармасининг СИ- бильд-муҳаррири Анна Маркелова иштирок этди.
Маърузачининг таъкидлашича, бугунги кунда интернет рақсга тушаётган мушукчалар билан тўлган бир пайтда, контент эсда қоларли ва жиддий хатолардан холи бўлиши учун нейротармоқларни моҳирона бошқара олиш муҳимдир.
Нейротармоқлар билан ишлашнинг ёрқин мисолларидан бири тарихий лойиҳалар бўлди. Анна Маркелованинг айтишича, у княгиня Ольга ёки қадимда йўқ бўлиб кетган сиртлон — динокрокут образини яратишда тарихчилар ва олимлар билан маслаҳатлашган.
Нейротармоқларга дезинформация воситаси сифатида ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
“2025 йилда Калифорнияда жуда кучли ёнғинлар юз берди ва интернетда “Голливуд” ёзуви ёнаётган сунъий тасвирлар тарқалди. Баъзи оммавий ахборот воситалари буни ҳақиқий фотосурат деб ўйлаб, ҳатто шу ҳақда материаллар чоп этди”, — дея эслатди нотиқ.
Маркелованинг таъкидлашича, агар муҳаррирлар, масалан, ўт ўчириш хизматига ёки бошқа ваколатли идораларга қўнғироқ қилганида, бундай ҳолат юз бермаслиги мумкин эди.
Қалбакиликни яна қандай аниқлаш мумкин? Эксперт текширишнинг учта асосий усулини таклиф қилди: кўз билан таҳлил қилиш, Google орқали манбасини излаш ва сунъий интеллект детекторларидан фойдаланиш.
Баъзан оддий мантиқий таҳлилнинг ўзи ҳам кифоя: тафсилотларга эътибор қаратиш, тасвирланган тана аъзоларини синчиклаб кўздан кечириш зарур — кўпинча нейротармоқ қўлларни ноаниқ тасвирлайди ёки тананинг бир қисмини бошқа жойга жойлаштириб қўяди.
“Нейротармоқ битта байроқни уддалаши мумкин. Аммо агар учта байроқ бўлса, у мавжуд бўлмаган мамлакатларни ўйлаб топишни бошлайди. Логотип ва майда элементлар ҳам кўпинча нотўғри акс эттирилади. Бундан ташқари, соялар билан боғлиқ хатолар ҳам учрайди — объектлар бир томонга ҳаракатланади, соялар эса бошқа томонга”, — дея изоҳ берди Анна Маркелова.
Нима учун нейротармоқлар билан ишлашни билиш керак?
Бугунги кунда тасвирлар яратиш нафақат журналист ва бильд-муҳаррирлар, балки блогерлар ёки оддий интернет фойдаланувчилари учун ҳам фойдали. Сунъий интеллект мессенжерларда мулоқот қилиш учун стикер тўпламларини яратишга ва архив кадрларини тиклашга қодир ёрдамчидир.
Бильд-муҳаррир Анна Маркелованинг маърузасини тинглаш учун 100 нафардан ортиқ талаба келди.
Маҳорат дарсининг муҳитини Sputnik Ўзбекистон видеосида томоша қилинг.