ТОШКЕНТ, 8 фев — Sputnik. Махсус операциялар кучлари полигони Чирчиқда жойлашган. Бу ерда махсус бўлинмалар қўшинларини самарали тайёрлаш учун барча зарур шароитлар яратилган.
Полигонда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари йил давомида, куну-тунда амалий машғулотлар ўтказади. Бу орқали улар жанговар кўникмаларини такомиллаштиради, шахсий таркибни самарали тайёрлайди ва уларнинг маънавий-руҳий барқарорлигини оширади. Ҳарбий хизматчилар жанговар ва махсус тайёргарликнинг янги усулларини ўзлаштириб, касбий малакаларини мустаҳкамлайди.
“Бу ўқув полигонимизда яқин жангдан узоқ масофагача олиб бориладиган ҳар хил тактик усуллар билан бажариладиган машғулотлар олиб борилади. Бунда бизда яқин масофада IPSCга машқлари, узоқ масофада мерганларимиз ҳамда гуруҳ қуроллари, техникаларда ҳаракатланиб отиш учун мўлжалланган. Асосий бизда яқин масофада “Kill House” шаҳарчамиз ташкил топган. Бу шаҳарчада ҳарбий хизматчилар кундалик фаолиятда амалий жанговар тайёргарликни олиб боради”, - деб маълум қилди Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Махсус операциялар кучлари полигони йўриқчиси.
Бу ерда 20 тадан ортиқ иншоот ва ўқув нуқталари қурилган. FPV- дронларини бошқаришни ўрганиш учун замонавий шароитлар яратилган. 17 та қисмдан ташкил топган дронодром мавжуд. Бу қисмларнинг барчаси душман нишонларига зарба беришни машқ қилади.
“Бугунги кунда учувчисиз учиш аппаратлари разведкани таъминлаш, ўт очишни мувофиқлаштириш ва шахсий таркиб учун хавфни камайтиришда жуда катта муҳим аҳамиятга эга. Ҳарбийларимиз учун дронлардан фойдаланибамалий жанговар машғулотлар ўтказилмоқда”, - деди полигон мураббийларидан бири.
Полигонда кичик командирларнинг бошқарув кўникмалари ва замонавий рақамли технологиялардан фойдаланиб мустақил қарор қабул қилиш қобилиятини баҳолашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, тез ўзгарувчан жанг шароитида замонавий қурол-яроғ ва техникани самарали қўллаш бўйича ҳарбий хизматчиларнинг касбий маҳоратига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Махсус операциялар кучлари полигонидаги машғулотлар қандай ўтаётгани ҳақида батафсил Sputnik видеосида томоша қилинг.