ТОШКЕНТ, 7 фев — Sputnik. Ўзбекистон президент фармони билан Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги ва унинг бошқарув кенгаши ташкил этилди.
Агентликка Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг давлат харидлари соҳасидаги вазифалари, функциялари ва ваколатлари ўтказилади.
Бундан кўзланган асосий мақсадлар:
Саноат кооперацияси ва давлат харидлари соҳасида ягона бошқарувни жорий этиш;
Юқори технологияли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган қўшилган қиймат занжирларини яратиш;
Бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар ишлаб чиқарилишини ўзлаштириш орқали иқтисодиёт тармоқларининг ташқи омилларга боғлиқлигини камайтириш;
Йирик корхоналарнинг ишлаб чиқариш занжирларига кичик ва ўрта бизнес субъектларини кенг жалб қилиш;
Маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобига маҳсулот таннархини пасайтириш;
Ишлаб чиқариш қувватларини технологик янгилаш ва халқаро сифат стандартларини жорий этиш.
Шунингдек, Агентлик ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Саноат кооперациясини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб Жамғарма маблағлари ҳисобидан:
2026 йил 1 июлдан бошлаб Жамғарма маблағлари ҳисобидан:
Дастурлар доирасида тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларини молиялаштириш учун хорижий валютада йиллик 6 %, миллий валютада йиллик 12 % ставкада 10 йил муддатгача битта лойиҳа учун 10 млн долларгача кредит маблағлари ажратилади;
Ушбу маблағлар ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига хорижий ишлаб чиқариш технологияларини олиб келиш, бренд ва товар белгиларидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш билан боғлиқ харажатларининг 30 фоизигача, бироқ 1 млн доллардан кўп бўлмаган миқдорда субсидиялар ажратилади.
Ундан ташқари ҳар йили 10тагача янги турдаги юқори технологик маҳсулотларни ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш билан боғлиқ саноат стартаплари харажатларнинг 50 фоизигача, бироқ 10 млрд сўмдан кўп бўлмаган миқдорда субсидиялар ажратилади.
Президент фармони билан Бахтиёр Хайдаров Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги директори лавозимига тайинланди. Бунгача у Тошкент шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари эди.