Чирчиқ авиация таъмирлаш заводи Ўзбекистон авиация саноатининг стратегик аҳамиятга эга корхоналаридан бири ҳисобланади. У Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Ҳарбий-ҳаво кучлари таркибидаги самолёт ва вертолётларни таъмирлаш, модернизациялаш ҳамда техник хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган.
Бу мамлакатдаги узоқ тарихга эга корхоналардан бири бўлиб, бир неча босқичли модернизациядан ўтган ва бугунги кунда янги юқори технологияли бўлинмаларни ўз ичига олган.
“Бизда авиация ва радиоэлектрон ускуна, трансмиссия ва турли компонентлар таъмирланади. Шунингдек, лабораторияларимиз ва механик ишлов бериш цехимиз ҳам мавжуд”, - деди завод директори Аскар Мамбеткулов.
Завод негизида МДҲдаги ягона Airbus русумли вертолётларга хизмат кўрсатиш маркази ташкил этилган бўлиб, у ерда замонавий ғарб авиатехникаси намуналарига, жумладан, H-125, H-215 ва H-130 русумли вертолётларга тўлиқ техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш жараёни амалга оширилади.
Шунингдек, бу ерда Су-25 ҳарбий самолётларини капитал таъмирлаш ва чуқур модернизация қилиш бўйича завод цехлари янгиланди. Заводда илғор технологиялар жорий этилмоқда, техника эса замонавий навигация тизимлари, тунги кўриш мосламалари ва бортдаги ўзини ҳимоя қилиш комплекслари билан жиҳозланмоқда.
Бу ишларнинг барчасини мутахассислар жамоаси амалга оширмоқда. Мамбеткуловнинг фикрича, энг кўп талаб қилинадиган мутахассислар орасида авиация ва радиоэлектрон ускуналар бўйича мутахассислардир.
Заводда Тошкент давлат транспорт университети, Турин давлат университети Тошкентдаги филиали ҳамда ўрта махсус таълим муассасалари битирувчилари фаолият юритмоқда. Шунингдек, мактабни тугатган ёшларни ишга қабул қилиб, тўғридан-тўғри заводнинг ўзида ўқитиш тажрибаси ҳам мавжуд.
“Мактаб битирувчиларини 6 ой давомида, олий маълумотли кишиларни эса бир ойдан уч ойгача ўқитамиз. Шундан сўнг улар имтиҳон топшириб, ишлаш учун рухсатнома олишади”, - деб тушунтиради Мамбеткулов.
Заводнинг тажрибали устозларидан бири – ҳаво кемаси планери ва тизимларини таъмирлаш цехи бошлиғи Туйғун Холмирзаев. У устозлик тизими кадрларни бевосита ишлаб чиқаришда етиштириш имконини беришига ишонади.
“Энг муҳими, ёшлар тажрибали усталар қўл остида ишлайди. Бу орқали ворислик ва тажриба узатиш жараёни сақланиб қолади, натижада эса ижобий самарага эришамиз”, - деб таъкидлади у.
Завод мутахассисларининг доимий равишда малакасини ошириши ва хорижда ҳам амалиёт ўташи муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Авиация техникасини таъмирлаш жуда мураккаб ва узоқ муддатли жараён. Холмирзаевнинг айтишича, бу жараён 12 ойдан 16 ойгача давом этади. Ва бу самолёт ва вертолётларни ҳар 7-10 йилда таъмирлаш ва модернизация қилиш кераклиги инобатга олинган ҳолда амалга оширилади.
Январда заводга Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди. Давлат раҳбари корхона фаолияти билан танишиб, ходимлар учун янги мақсадларни белгилаб берди.
Ўзбекистонда ҳозирги кунда Мудофаа вазирлиги Ҳарбий-ҳаво кучлари самолёт ва вертолётлари қандай таъмирланаётгани ҳақида батафсил маълумотни Sputnik видеосида томоша қилинг.