ТОШКЕНТ, 2 фев — Sputnik Киев вилоятида ҳарбий комиссариат ходимлари ва ҳарбий қисм психологи ҳарбийларга Украина Қуролли кучлари сафларидан қочишга ёрдам бергани маълум қилинди. Бу ҳақда РИА Новости Украина Давлат тергов бюроси (ДТБ) хабарига таяниб маълум қилди.
ДТБ маълумотига кўра, Киев вилоятида дезертирлик ва сафарбарлик соҳасидаги бошқа жиноятларга тизимли равишда кўмаклашган бир гуруҳ шахслар фаолияти тўхтатилган. Улар орасида ҳарбий қисм психологи, унинг адвокат укаси, шунингдек, РТМК (Украинада ҳарбий комиссариатлар шундай аталади)нинг айрим мансабдорлари бўлган.
Идора маълумотига кўра, гумонланувчилар пул эвазига сафарбарликдан бўйин товлаш ва УҚК сафларидан дезертирлик қилишга ёрдам берган.
Хабарда айтилишича, улар ҳарбийларнинг ўзбошимчалик билан хизматни тарк этишини ташкил этган, жумладан, ўқув марказларидан қочиш ва кейинчалик фронт орти бўлинмаларига ўтказишни ваъда қилган. Шунингдек, ҳарбий хизматга мажбур шахсларга сафарбарликдан қочишда кўмак берган.
Киев режими сўнгги пайтларда Украина Қуролли кучларида шахсий таркиб етишмовчилигига дуч келди ва ҳарбий комиссариат ходимларининг сафарбар қилиниши керак бўлган фуқароларни ҳибсга олиш бўйича зўравонлик ҳаракатлари доимий равишда жанжалларга ва норозиликларга сабаб бўлмоқда.