ТОШКЕНТ, 30 янв – Sputnik. Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) Миллий футбол марказида Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдаги конгресси ҳамда 2025 йил якунларига бағишланган тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда йил давомида эришилган ютуқлар сарҳисоб қилиниб, ўзбек футболи ривожига муносиб ҳисса қўшган мутахассислар ва футболчилар эътироф этилди.
2025 йил Ўзбекистон футболи учун тарихий бўлди. Жумлада, миллий терма жамоа илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. Бу муваффақият йилнинг энг яхшиларини аниқлашда муҳим омил сифатида баҳоланди.
2025 йилнинг энг яхшилари:
“Футболимиз нуронийси” — Аҳрол Иноятов
Узоқ йиллар давомида “Пахтакор” шарафини ҳимоя қилган, мураббий ва футбол мутахассиси сифатида ҳам ўзбек футболи тараққиётига ҳисса қўшган Иноятовнинг хизматлари алоҳида эътироф этилди.
“Йилнинг энг яхши футболчиси” — Элдор Шомуродов
Италиянинг “Рома” ҳамда “Туркиянинг “Башакшеҳир”даги фаолияти, шунингдек, терма жамоадаги етакчилик роли Шомуродовни 2025 йилнинг “энг яхши футболчиси”га айлантирди.
“Йилнинг энг яхши аёл футболчиси” — Диёра Ҳабибуллаева
Клуб ва терма жамоа сафидаги барқарор ва самарали ўйини эвазига Диёра Ҳабибуллаева Ўзбекистоннинг “энг яхши аёлфутболчиси” сифатида эътироф этилди. Ҳабибуллаев якунига етган йил “Севинч” билан Ўзбекистон чемпионати бош соврини, Суперкубоги ҳамда Кубогини қўлга киритди. Шунингдек, миллий терма жамоа билан 23 йиллик танаффусдан кейин илк бор Осиё Кубоги йўлланмасига эга чиқди.
“Йилнинг энг яхши ёш футболчиси” — Садриддин Ҳасанов
U-17 Осиё чемпионатидаги ёрқин ўйинлари ва етакчилик қобилияти билан Садриддин Ҳасанов 2025 йилнинг энг истиқболли футболчиси сифатида баҳоланди.
“Йилнинг энг яхши мураббийи” — Темур Кападзе
Миллий терма жамоанинг Жаҳон чемпионатига чиқишида катта ҳисса қўшган Темур Кападзе “йилнинг энг яхши мураббийи” сифатида эътироф этилди. 45 ёшли мутахассис ҳозирда Наманганнинг “Навбаҳор” клуби устози.
“Йилнинг энг яхши ҳаками” — Илгиз Танташев
Халқаро майдондаги нуфузли учрашувлардаги фаолияти билан Танташев 2025 йил Ўзбекистоннин “энг яхши ҳаками” сифатида эътироф этилди. Танташев якунига етган мавсум Клублар ўртасидаги ЖЧ, Жаҳон чемпионати саралаш учрашувлари, Осиё Чемпионлар Лигаси каби кўплаб нуфузли мусобақаларда бош ҳакам сифатида фаолият юритди.
“Йилнинг энг яхши аёл ҳаками” — Насибабону Тошмуҳаммедова
Насибабуни Тошмуҳаммедов эркаклар Суперлигасида бош ҳакам сифатида фаолият юритган илк аёл рефери сифатида тарихий натижага эришди. У чемпионатнинг 30-туридан ўрин олган “Қизилқум” – “Шўртан” учрашувида бош ҳакам сифатида ишлади.
Тадбир якунида ЎФА раҳбарияти 2025 йил ўзбек футболи тарихида алоҳида саҳифа бўлгани, 2026 йилда эса Жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этиш асосий мақсад эканини таъкидлади.
Конгресс доирасида кадрлар масаласига ҳам аниқлик киритилди. 2025 йил февраль ойидан буён ЎФА президенти лавозимида ишлаб келаётган Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбонов навбатдаги муддатга ассоциация президенти этиб қайта сайланди. Шунингдек, Равшан Эрматов ЎФА биринчи вице-президенти, Одил Аҳмедов эса вице-президент лавозимида қолади.