ТОШКЕНТ, 27 янв — Sputnik. Украина ҳарбийлари ёмон об-ҳаво шароити туфайли фронтда қийинчиликларга дуч келмоқда. Бу ҳақда "New York Times" нашри ҳарбийларга таяниб хабар берди, деб ёзади РИА Новости.
Нашрнинг ёзишича, совуқ ҳаво олдинги чизиқдаги аскарлар ҳаракатини ва жанговар имкониятларини чекламоқда. Шунингдек, у техника, хусусан, дронлар ишига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
“Паст ҳарорат батареялар ишлаш муддатини қисқартириши мумкин. Қор ёғса, айрим дронлар ишдан чиқиши эҳтимоли бор. Бу эса душман ҳужуми хавфини оширади”, — дейилади материалда.
“Сол” чақирув белгисига эга дрон оператори сержант нашрга қор унинг жамоаси ишига жиддий тўсиқ бўлаётганини айтган.
“Об-ҳаво ва техника — дўст эмас”, — деган у.
Бундан ташқари, дронлар таҳдиди сабаб Украина қуролли кучлари чуқурроқ бункерлар қазишга мажбур бўлмоқда. Аммо ер музлаб қолгани бу ишни янада қийинлаштирмоқда.