Аҳолини рўйхатга олиш саволномасини хато тўлдирганларга огоҳлантириш юборилмоқда

Рўйхатга олиш саволномасини тўлиқ бўлмаган ёки хато тўлдирган фуқароларга автоматик огоҳлантириш юборилмоқда. Бир хонадонда яшовчиларни киритиш ва маълумотларни қайта текшириш тавсия этилди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 янв — Sputnik. Рўйхатга олиш саволномасини хато ёки тўлиқ бўлмаган ҳолда тўлдирган фуқаролар учун автоматик огоҳлантириш тизими жорий этилди. Бу ҳақда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг расмий саҳифасида маълум қилинди.
Қайд этилишича, айрим ҳолларда саволнома фақат бир шахс номидан тўлдирилиб, у билан бир хонадонда яшовчи бошқа аъзолар киритилмаяпти. Эслатиб ўтилишича, қариндошлик даражасидан қатъи назар, бир хонадонда яшовчи барча шахслар биргаликда рўйхатга олиниши шарт.
Шунингдек, ер майдонлари, етиштирилаётган маҳсулотлар, қорамол ва паррандалар сони тўлиқ кўрсатилмаслик ҳолатлари ҳам аниқланмоқда. Бундай камчиликлар ахборот тизими орқали текширилиб, саволномани қайта тўлдириш учун юборилади.
Онлайн рўйхатдан ўтиб, сертификат олган фуқароларга платформага қайта кириб, сертификат ойнасидаги огоҳлантиришларни текшириш ва хатолик бўлса, саволномани қайта тўлдириш тавсия этилди.
Акс ҳолда, 4–28 февраль кунлари маҳалла вакиллари томонидан қайта рўйхатдан ўтказиш ишлари амалга оширилади.
Маълумотларга кўра, айнан шу маълумотлар асосида таълим, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя ва инфратузилма соҳаларида қарорлар қабул қилинади.
Аҳолини рўйхатга олишда энг кўп берилаётган саволларга жавоб берилди