ТОШКЕНТ, 23 янв – Sputnik. Ўзбекистонда “Бирга ҳаётни сақлаймиз” миллий донорлик акцияси ўтказилади.
Президент қарори билан 2026 йил 1 январдан беғараз қон донорлиги ҳаракатини ривожлантириш мақсадида қуйидаги тизим жорий этилди:
ҳар ойда “Бирга ҳаётни сақлаймиз” миллий донорлик акцияси ўтказилади. Мазкур акция доирасида ҳар ойнинг 1 ҳафтаси мобайнида – қон билан ишлаш хизмати ташкилотларида, ҳар ойнинг 3 ҳафтаси мобайнида – таълим, даволаш ва бошқа ташкилотларда қон донорлиги ташкил этилади;
Ўзбекистон Қуролли кучлари тизимига кирувчи вазирлик, идора ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳарбий хизматчилари ва ходимлари ўртасида ҳар йили 1 маротаба донорлик кунлари ўтказилади;
меҳнат жамоаларида донорлик кунларини ўтказиш йўлга қўйилади;
умумий ўрта ва ўрта махсус, касбий ҳамда олий таълим ташкилотларида донорлик бўйича маънавий-маърифий тадбир ва учрашувлар ташкил этилади.
Шунингдек, туғруқда тиббий ёрдам кўрсатувчи ҳар бир муассасада қон ва унинг таркибий қисмлари шошилинч захираси ташкил этилиши ҳамда уни қон ва унинг таркибий қисмлари, жумладан, плазма ва эритроцитар масса захираси билан таъминланиши белгиланди.