Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

Украинада қўмондон этиб Билецкий* тайинланиши мумкинлиги айтилмоқда - у Зеленскийга хавфми

Украина ҚК қўмондони этиб Сирский ўрнига сиёсий амбицияли Билецкий* тайинланиши мумкинлиги айтилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 янв — Sputnik. Сўнгги кадрлар алмашинуви тўлқини фонида Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирскийни алмаштириш масаласи яна муҳокама марказига чиқди. Бу ҳақда РИА Новости Украинанинг Страна.ua нашрига таяниб хабар берди.
У қўшинларни бошқаришда эски ёндашувда, катта йўқотишларга бефарқликда ҳамда муҳим йўналишлардаги муваффақиятсизликларда турли томонлардан узоқ вақтдан бери танқид қилинади.
Шу билан бирга, оммавий ахборот воситаларида УҚКнинг бир қатор “прогрессив” қўмондонлари фаол тарғиб қилинмоқда. Айниқса, кучли кампания Андрей Билецкийни* қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, бу унинг медиа-сиёсий позицияларига ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Агар Сирскийни ишдан бўшатиш тўғрисида қарор қабул қилинса, Билецкийнинг* номзоди унинг ўрнини босувчилар орасида тобора кўпроқ тилга олинмоқда.
Қайд қилинишича, бундай ҳолда УҚКда қандай ўзгаришлар бўлиши мумкинлигини ҳозирда Учинчи армия корпусида кечаётган жараёнлар мисолида кўриш мумкин. Ушбу корпус қўмондони этиб ўтган йили Билецкий* тайинланган ва шундан сўнг кадрларни ёппасига тозалаш бошланган.

“Баъзи офицерлар тўғридан-тўғри кўчирилишга мажбур қилинган. Ўз хоҳиши билан кетмаганлар кейинчалик фронтнинг энг оғир участкаларига ташланди. Оқибатда — агар бўлинма ўз позициясини йўқотса, улар дарҳол лавозимларидан бўшатилган”, — деди илгари Учинчи корпусга “қўшилган” бригадалардан бирида хизмат қилган Украина Қуролли кучлари майори “Страна”га.

Аслида, Билецкий* ва унинг сафдошлари кўплаб офицер ва генералларнинг лаёқатсизлигига урғу бериб, қўмондонлик таркибини тозалаш ниятида эканликларини яширишмаган.
Бундай баҳолар армия ичида ҳам кенг тарқалган. Аскарлар ва сержантлар қўмондонларнинг ҳалокатли қарорлари, юқори мартабали амалдорларнинг фронтдаги йўқотишларга бефарқлиги ва “гўштли” ҳужумлар ҳақида шикоят қилишади.
Шу билан бирга, Учинчи корпусга кирмайдиган бошқа бўлинмалардаги кўплаб офицерлар Билецкийнинг* кадрлар ташаббусларига шубҳа билан қарайди.

“…Билецкий* ва унинг ўртоқлари бўйсундирилган тузилмаларни тозалашда биринчи ҳам, охирги ҳам эмаслар. Бу Украина армиясидаги эски анъана — тўлиқ бўйсуниш учун "бегоналарни" олиб ташлаш ва ўзлариникини асосий лавозимларга қўйиш,” — деди УҚК подполковниги Андрей К. Учинчи корпусдаги кадрлар ўзгариши ҳақида.

Сиёсий доираларда Владимир Зеленский Валерий Залужнийдан бўлажак сайловларни ҳисобга олган ҳолда овозларни тортиб олиш мақсадида Билецкийни* бош қўмондон этиб тайинлаши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган. Аммо президент девонига яқин сиёсатшунос бу фикрга шубҳа билан қарайди.

“Агар Андрей Билецкий* бош қўмондон этиб тайинланса, у Валерий Залужнийдан кўра кўпроқ Владимир Зеленскийга рақобатчига айланади. Ғоявий ўта ўнгчи сиёсатчи, "Миллий корпус" партиясининг асосчиси Андрей Билецкийга* нисбатан бундай шубҳа бўлиши мумкин эмас”, — деди у.

Сиёсатшуноснинг фикрича, қўмондонлик позицияси ҳозирда Украинада топ-сиёсатга тез чиқиш учун энг мақбул трамплин ҳисобланади. Агар Билецкий* ушбу лавозимни эгалласа, у имкониятдан тўлиқ фойдаланади. Қолаверса, масала қачон бўлиши номаълум бўлган сайловлар ҳақида эмас, чунки уруш давом этмоқда.
“Шунчаки, қачондир Билецкий*, агар ҳақиқатан ҳам худди 3-корпус билан бўлгани каби, армияни ўзига мослаб қайта шакллантира олса, ўзига: "агар армиям бўлса, ҳокимиятга сайловлар нима учун керак?" деган саволни бериши мумкин. Тарихда бундай ҳолатлар кўп бўлган,” — дейди сиёсатшунос.
*Россия Федерациясида террорчилар ва экстремистлар реестрига киритилган
Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси
Зеленский Ғарбдан қурол олишдаги қийинчиликларни айтди