Аҳолини рўйхатга олишда энг кўп берилаётган саволларга жавоб берилди

Сўровномада ер майдоно моллар сонини кўрсатдик, кейин уйимизга солиқчи келмайдими?— ушбу ва бошқа саволларга жавоб берилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik. Ўзбекистонда 15 январь куни бошланган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатдан ўтказиш қизғин давом этмоқда. 16 январь соат 19:00 ҳолатига census.stat.uz портали орқали жами хонадонларнинг 13 фоизи онлайн рўйхатдан ўтган.
Рўйхатдан ўтиш жараёнида аҳолидан кўплаб саволлар келиб тушмоқда. Миллий Статистика қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Усмон Абдурасулов уларга жавоб берди.
Энг кўп берилаётган саволларга жавоблар:
Оиламиздан бир киши барчамизни рўйхатдан ўтказди. Шу етарлими ёки барчамиз алоҳида қайтадан ўтишимиз керакми?
— Бир киши бутун оиласини рўйхатдан ўтказиши мумкин. Маълумотлар тўлиқ ва тўғри тақдим этилса, бу етарли ҳисобланади.
“Телефон қурилмаси талабга жавоб бермайди” деган ёзув чиқяпти. Бу нимани англатади?
— Бу ҳолатда телефонингизнинг оператив хотираси кам ёки браузерингиз эски бўлиши мумкин. Имкони бўлса, компьютер ёки бошқа қурилмадан уриниб кўринг.
Маҳалла/кўча номи чиқмаяпти. Нима қилсам бўлади?
— Бундай ҳолатда сиз маҳалла/кўча номини мустақил равишда ёзиб қўйишингиз мумкин.
Қайнота-қайнона, ака-ука, опа-сингил ва бошқаларни ҳам рўйхатга киритишим керакми?
— Агар сиз улар билан бирга яшамасангиз, уларни киритишингиз шарт эмас. Улар ўзлари яшаб турган турар жойи бўйича алоҳида рўйхатдан ўтишади.
16 ёшгача бўлган қизларда “Нечта фарзанд дунёга келтиргансиз?” саволида “йўқ” жавобини белгилаб бўлмаяпти.
Агар респондент фарзандли бўлмаган бўлса, “0” деб белгилаши мумкин.
Рўйхатдан ўтдим, лекин сертификатимни юклаб ололмаяпман.
— Агар сиз рўйхатдан ўтган бўлсангиз, OneID тизими орқали сайтга кириб, ўнг томон юқори қисмда жойлашган исм-фамилия устига босган ҳолда сертификатни юклаб олишингиз мумкин.
Саволномада сотихни ёза олмаяпман.
— 1-шаклнинг 2-саволида якка тартибдаги ховли ёки квартиранинг умумий қурилиш майдони квадрат метрда бутун сонларда кўрсатилади.
5-шаклда эса умумий ер майдони ва қишлоқ хўжалиги ер майдони сотихда кўрсатилади.
Биз берган маълумотлар солиққа тортилмайдими? Қишлоқ хўжалиги бўйича ер майдони ва чорва моллари сонини кўрсатдик. Кейин уйимизга солиқчи келмайдими?
— Йўқ, асло бундай ҳолат юзага келмайди. Рўйхатга олиш жараёнида берилган барча маълумотлар қонунга асосан махфий сақланади ҳамда солиққа тортиш ёки текширув ўтказиш учун ишлатилмайди. Саволномада кўрсатилган жавоблар бошқа идораларга тақдим этилмайди.
Саволномада биринчи шахс деганда ким назарда тутилади?.
— Биринчи шахс бу — маълумотларни тўлдирувчи шахс ҳисобланади. Саволномада маълумотлари тўлдириладиган кейинги оила аъзолари биринчи шахсга нисбатан қариндошлик даражаси белгиланиб, киритилади.
Сўровномани хатолик билан тўлдирган бўлсам, қайтадан киритишим мумкинми?
— Ҳа. Агар маълумотлар хатолик билан киритилган бўлса, 31 январга қадар қайтадан онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти мавжуд.
Мен ҳозирда бошқа туманда истиқомат қиламан, доимий пропискам эса бошқа ҳудудда. Саволномада қайси жойни киритишим керак?
— Рўйхатдан ўтиш жараёнида фуқаро айнан ҳозирги вақтда, яъни, рўйхатга олиш даврида яшаб турган жойини кўрсатиши лозим.
Сўровномадаги “респондент” сўзи нимани англатади?
— Респондент — рўйхатга олиш санасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, доимий яшаш жойи Ўзбекистонда бўлиб, рўйхатга олиш санасида мамлакат ҳудудидан ташқарида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидир.
Логин ва парол сўраляпти. Уни қаердан олишим мумкин?
— Логин ва парол OneID тизимига кириш жараёнида талаб этилади. Агар аккаунтингиз мавжуд бўлса, аввал ўрнатилган логин ва паролни киритинг. Агар унутган бўлсангиз, ЖШШИР орқали тиклашингиз мумкин.
Чет элдаги оила аъзоларимизни ҳам рўйхатга киритамизми?
— Ҳа, ҳозирда маълум сабабларга кўра хорижда вақтинча бўлиб турган оила аъзоларингизни ҳам рўйхатдан ўтказишингиз мумкин. Шунингдек, улар ўзлари бошқа давлатда бўлиб турган ҳолатда ҳам census.stat.uz сайти орқали онлайн рўйхатдан ўтиши мумкин.
Қанча ҳаракат қилсам ҳам census сайтида хатолик юз берди деб чиқяпти. Нима қилсам бўлади?
— Бу ҳолат, асосан, сайт Telegram’нинг ички браузери орқали очилганда кузатилмоқда. Муаммони бартараф этиш учун census.stat.uz сайтини телефонда алоҳида интернет браузер орқали (Chrome, Mozilla, Opera ёки Google)дан очиб кўринг.