ТОШКEНТ, 15 янв — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда асосий устувор вазифа сифатида фуқароларни хорижда юқори даромадли иш ўринлари билан таъминлаш масаласи белгиланди.
Австрия, Франция, Испания, Италия, Чехия ва Саудия Арабистонидаги элчиларнинг бу борадаги фаолияти қониқарсиз деб баҳоланди.
Мутасаддиларга Нордик давлатлар билан меҳнат миграцияси бўйича ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш топширилди.
Шунингдек, йиғилишда қуйидагилар таъкидланди ва мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди:
АҚШда қишлоқ хўжалиги ишчилари учун виза олиш тартиби соддалаштирилган;
элчига Ўзбекистонни мавсумий ишчилар жалб қилинадиган давлатлар рўйхатига киритиш бўйича музокаралар олиб бориш топширилди.
Консуллик фаолияти:
хорижда ноқонуний бўлиб турган фуқаролар масаласи жиддий ташвиш экани қайд этилди;
элчи ва консуллар ҳар бир ҳолат бўйича юридик ёрдам кўрсатиши шартлиги таъкидланди;
консуллик ҳисобига қўйиш тартибини соддалаштириш вазифаси қўйилди;
оғир вазиятга тушган фуқаролар учун бепул колл-марказ ташкил этиш топширилди.
Ташқи сиёсат ва дипломатия:
Ўзбекистон 2027–2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилади;
2035–2036 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашига номзодлик илгари сурилмоқда;
олий даражадаги ташрифларга олдиндан пухта тайёргарлик кўриш талаб этилди;
Буюк Британия, Испания, Индонезия, Австралия, Бразилия, Канада билан алоқаларни жонлантириш зарурлиги кўрсатилди.
Кадрлар ва ахборот сиёсати:
дипломат кадрларни қайта тайёрлаш ва захира яратиш;
“Дунё” ахборот агентлиги фаолиятини кучайтириш;
халқаро медиа орқали Ўзбекистон имижини тизимли тарғиб қилиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, элчилар “кабинет дипломатияси”дан воз кечиб, хориждаги ватандошлар билан бевосита ишлаши шартлиги қатъий таъкидланди.