ТОШКEНТ, 14 янв — Sputnik. 1993 йил 29 декабрда Республика Олий Кенгаши қарорига мувофиқ 14 январ — Ватан ҳимоячилари куни деб эълон қилинган. Шу муносабат билан Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Бадиий кўргазмалар дирексияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллигига бағишланган “Миллий армия — Она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони!” номли бадиий кўргазма ташкил этилди.
Кўргазма экспозициясида Ўзбекистон рассомларининг рангтасвир ва графика асарлари намойиш этилмоқда. Уларда буюк саркардалар — Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жалолиддин Мангуберди, Спитамен ҳамда жадидлар ҳаракати етакчилари Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Усмон Носир сингари ватандошларимизнинг мардлик, жасорат ва ватанпарварлик руҳи бадиий ифодасини топган.
Кўргазма томошабинлари учун Ўзбекистон ва Марказий Осиё тарихи билан яқиндан танишиш имконияти яратилади. Экспозиция орқали Ватанни асраш ғояси — оддий аскардан тортиб генералгача, ўқитувчидан маърифатпарваргача ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи экани ёритиб берилган.
Шунингдек, кўргазмада Бадиий кўргазмалар дирексияси ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи фондларидан олинган қимматли асарлар ҳам ўрин олган.
Мазкур бадиий кўргазма 2026 йил 30 январгача давом этади.