Фарғонада Тожикистондан олиб кирилган 32 кг наркотик моддаси фош этилди

Фарғона вилоятида ДХХ томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда Тожикистондан олиб кирилган опий ва гашиш мусодара қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 янв — Sputnik. Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ бир қатор ҳолатлар фош этилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
Жумладан, Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланиб келган, 1984 йилда туғилган фуқаронинг Қўқон шаҳридаги яшаш хонадони кўздан кечирилди. Натижада хонадон ошхонасидан 4 кг 572 гр “опий” ҳамда 1 кг 58 гр “гашиш” моддалари аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, унга тожикистонлик наркосавдогарлар томонидан “WhatsApp” мессенжери орқали юборилган геолокация асосида муқаддам Данғара тумани ҳудудига яшириб кетилган 9 кг 980 гр “опий” моддаси ҳам олинди.
Бундан ташқари, ушбу шахсга гиёҳвандлик воситаларини қайта ишлаб, истеъмолга тайёр ҳолатга келтиришда ёрдам берган, Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1969 йилда туғилган фуқаро ўз яшаш хонадонида нарколаборатория ташкил этгани аниқланди. Унинг хонадонидан ҳам 7 кг 226 гр “опий” моддаси олинди.
Бошқа ҳолатда Қўқон шаҳри ҳудудида ҳаракатланаётган, 1980 йилда туғилган маҳаллий фуқаро бошқарувидаги “Lacetti” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унда муқаддам 34 минг АҚШ долларига сотиб олинган 5 кг 22 гр “опий” моддаси борлиги маълум бўлди.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу гиёҳвандлик моддасини сотган, 1985 йилда туғилган ҳамшаҳари ҳамда унинг жиноий шериги бўлган 1985 йилда туғилган Тожикистон фуқароси қўлга олинди. Шунингдек, тожикистонлик фуқаронинг Ўзбекистон туманидаги хонадонидан ҳам 2 кг 362 гр “опий” моддаси олинди.
Қўқон шаҳрида қайд этилган яна бир ҳолатда “Nexia” русумли автомашина тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада унда йўловчи сифатида ҳаракатланаётган, 1992 йилда туғилган фуқарога тегишли сумка ичида 982 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланди.
Маълум бўлишича, у гиёҳвандлик воситасини муқаддам тожикистонлик наркокурьерлар томонидан Қўқон шаҳри ҳудудига яшириб кетилган хуфия жойдан олган.
Фарғона шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса 2000 йилда туғилган шахс Тожикистондан олиб келинган 989 гр “гашиш” моддасини харидорга 150 миллион сўмга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) ва 273-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини сақлаш, ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Telegram-бот, наркотиклар ва миллионлаб доллар: ИИВ жиноий гуруҳни фош қилди