ТОШКЕНТ, 4 янв — Sputnik. 2030 йилгача Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз саёҳат қилиш мумкин бўлган давлатлар сони 50 тага етказилиши режалаштирилмоқда. Бу вазифа 2026–2030 йилларга мўлжалланган янгиланган тараққиёт стратегияси лойиҳасида белгилаб қўйилган.
Ҳужжатда қайд этилишича, яқин йилларда визасиз саёҳатлар географиясини босқичма-босқич кенгайтириш кўзда тутилган. Хусусан, 2026 йилда яна икки давлат, 2027 йилда эса беш давлат билан визасиз ёки кириш тартиби соддалаштирилган режимлар жорий этилиши режалаштирилган.
Шу тарзда, визасиз бориш мумкин бўлган мамлакатлар сони 2028 йилда 45 тага, 2029 йилда 48 тага, 2030 йилга келиб эса 50 тага етказилиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, кириш тартиби енгиллаштирилган давлатлар рўйхатини ҳам кенгайтириш режалаштирилган. 2026–2030 йилларда электрон виза, келиш визаси ёки бошқа соддалаштирилган механизмларни таклиф қилувчи мамлакатлар сони 60 тага етказилиши белгиланган.
Шунингдек, консуллик хизматларини кўрсатишда рақамли ечимларни жорий этиш режалаштирилмоқда. Хусусан, мобил платформа ишга туширилиб, ундан фойдаланувчилар сони ҳозирги 8,5 минг нафардан 2026 йилда 15 минг нафарга, 2030 йилга бориб эса 100 минг нафарга етказилиши кутилмоқда.