Коррупцияга қарши Миллий сертификатлаштириш менежмент тизими жорий этилади

Бу тизим биринчи навбатда Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими натижаларига кўра “қониқарсиз” деб баҳоланган давлат органлари ва ташкилотларида жорий этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 янв — Sputnik. Ўзбекистонда коррупцияга қарши Миллий сертификатлаштириш менежмент тизими жорий этилади. Бу президент имзолаган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги фармонда белгиланган.
Фармонга кўра, давлат органлари ва ташкилотларидаги коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг фаолияти Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан узвий ҳамкорликда ташкил этилади.
2026 йил 1 июлдан давлат органлари ва ташкилотларида 2030 йилгача босқичма-босқич коррупцияга қарши Миллий сертификатлаштириш менежмент тизими жорий этилади.
Бунда:
ушбу тизим биринчи навбатда Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими натижаларига кўра “қониқарсиз” деб баҳоланган давлат органлари ва ташкилотларида жорий этилади;
давлат органлари ва ташкилотларида Миллий сертификатлаштириш менежмент тизимини жорий этиш Агентлик томонидан тасдиқланадиган режа-графикка мувофиқ босқичма-босқич амалга оширилади;
Миллий сертификатлаштириш менежмент тизимининг белгиланган муддатларда жорий этилмаганлиги давлат органи ёки ташкилоти раҳбари ва ўринбосарларига тизим жорий этилгунга қадар бўлган муддатда барча рағбатлантириш тўловлари тўхтатиб турилишига сабаб бўлади.
Агентлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, илмий муассасалар, коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ва фуқаролик жамияти институтларининг доимий ҳамкорлигига асосланган Коррупциянинг олдини олишнинг яхлит тизими жорий этилади.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қилинади - президент