Биринчи январдан нималар ўзгармоқда

Тадбиркор хотин-қизлар қўллаб-қувватланади, бизнес бошлаш осонлашади, айрим тиббиёт ходимларига пул мукофоти ва қатор имтиёзлар берилади – батафсил мақолада.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 янв – Sputnik. 2026 йил 1 январдан Ўзбекистон қонунчилигида бир қатор ўзгаришлар ва бошқа янгиликлар кучга киради. Қуйида Адлия вазирлиги маълумотлари асосида тайёрланган материални тақдим этамиз.
Бизнес 15 дақиқада
Қонунчиликка кўра, 1 январдан “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили асосида тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишда бир вақтнинг ўзида қуйидаги хизматлар кўрсатилади:
электрон рақамли имзо калитини бериш;
банк ҳисоб-варақларини очишга ариза топшириш ҳамда уларни фаоллаштириш;
айрим фаолият турлари бўйича лицензия, рухсатнома олишга ариза ёки хабарнома юбориш;
кўчмас мулк ижара шартномасини расмийлаштириш;
ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини олиш;
онлайн назорат-касса машиналарини онлайн равишда харид қилиш ва уларни солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш;
юридик шахс раҳбарини тайинлаш ва уни ЯММТ ИДАКда ҳисобга қўйиш.
“Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла” номинацияси жорий этилади
Бунда ғолибларни аниқлаш бўйича мезонлар қуйидагилар:
ҳар 1 000 нафар аҳолига тўғри келадиган кичик бизнес субъектлари сони;
ҳар 1 000 нафар аҳолига тўғри келадиган кичик бизнес субъектлари томонидан тўланган солиқлар миқдори;
ҳар 1 000 нафар аҳолига тўғри келадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчилар сони;
ҳар 1 000 нафар аҳолига тўғри келадиган ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сони ва улар томонидан тўланган солиқлар миқдори;
маҳалла фуқаролари томонидан мол-мулк ва ер солиқларининг тўланганлик даражаси.
ЯТТларга фирма номига эга бўлишга рухсат берилади.
Тадбиркорларнинг бирламчи маълумотлари ўзгарганда ушбу маълумотлар бўйича ўзгартиришлар ЯТТ гувоҳномасига, лицензия, рухсатнома ва хабарномаларга автоматик тарзда бепул киритилади.
Тадбиркор хотин-қизлар қўллаб-қувватланади
Қонунчиликка кўра, “НAMROН” тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастури (Дастур) доирасида хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган қуйидаги қўшимча инструментлар жорий этилади:
тижорат банклари томонидан таъсисчилари таркибида аёллар улуши 50 фоиз ва ундан юқорини ташкил қилган ва (ёки) раҳбари аёл киши бўлган кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларининг камида 10 та иш ўрни яратишни назарда тутувчи лойиҳаларига Марказий банкнинг асосий ставкасидан 10 фоиз пункт юқори ставкагача БҲМнинг 25 минг бараваригача миқдорда кредит ажратиш;
“Бизнесни кафолатлаш миллий компанияси” АЖ томонидан тижорат банклари кредитларининг 70 фоизигача бўлган қисмига кафолат (кафиллик) тақдим этиш.
“Келажак” марказларида ўқиганлик учун ота-оналар бадали тўлови миқдорлари
“Келажак” марказларида ўқиганлик учун ота-оналар бадали тўлови ойига БҲМга нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:
Тошкент шаҳрида – 30 фоиз;
вилоятлар марказларида – 25 фоиз;
республиканинг қолган туман (шаҳар)лари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус ва Хоразмнинг Урганч шаҳарларида – 15 фоиз;
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразмнинг қолган туман (шаҳар)ларида – 10 фоиз.
“Бюрократияни бартараф этиш – 2030” дастури ишга туширилади
У Давлат бошқарувини рақамли трансформация қилиш ва самарадорлигини оширишга қаратилган.
Дастурнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
давлат хизматларидан тез ва қулай фойдаланиш орқали фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш;
ортиқча тартиб-таомилларни бартараф этиш ва жараёнларнинг шаффофлигини ошириш орқали суиистеъмолчилик хавфини камайтириш.
Мактаб директори ва унинг ўринбосарларига KPI натижасига кўра устама берилади
Умумий ўрта таълим ташкилотларининг директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан директор ва унинг ўринбосарларига фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) натижасига кўра базавий тариф ставкаларига нисбатан тегишлича 20 ва 10 фоиз миқдорида ҳар ойлик устамалар белгиланади.
Айрим тиббиёт ходимлари фарзандларининг контрак тўлови бир қисми қоплаб берилади
Камида 15 йил иш стажига эга тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг фарзандларига олий таълим ташкилотларида бакалавриат йўналиши бўйича йиллик контракт суммасининг 30 фоизи, бироқ БҲМнинг 15 бараваридан ошмайдиган қисми қоплаб берилади.
Айрим тиббиёт ходимларига пул мукофоти берилади
Туман (шаҳар) даражасида янги даволаш усулларини жорий қилган ва унинг ижобий самарасига эришган туман (шаҳар) тиббиёт муассасалари шифокорларига БҲМнинг 50 баравари ми
President AI Award танлови ўтказилади
“Ёшларнинг сунъий интеллект технологияларига қизиқишини янада ошириш ва рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон президентининг соврини учун “Сунъий интеллект йўналишида энг яхши стартап” (President AI Award) танлови ўтказилади.
Қурилиш соҳасидаги ёш олимлар учун илмий стажировка танлов
Қурилиш материаллари соҳасида фаолият олиб бораётган ёш олимлар учун белгиланган тартибда хорижий илмий стажировка танлови эълон қилинади.
Шунингдек, 2026–2028 йиллар учун умумий молиялаштириш ҳажми 30 млрд сўмлик илмий лойиҳалар танловлари эълон қилинади.
Айрим ҳолатларда паспорт ёки ID картани тақдим этиш талаби бекор қилиниши
Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда Ўзбекистон фуқаролари учун паспорт ёки ID картанининг аслини тақдим этиш талаби бекор қилинади. Бунда фуқароларнинг шахси шахсни тасдиқловчи ҳужжат реквизитлари орқали АКТдан фойдаланган ҳолда идентификация қилиниши ҳамда биометрик маълумотлар (бармоқ изи ва Face ID) орқали верификация қилиниши назарда тутилган.
Янги қурилаётган турар жой мажмуалари номи ўзбекча бўлиши
Қурилаётган турар жой мажмуалари номлари давлат тилида бўлиши, давлат тили қоидалари ва меъёрларига риоя этиши лозим.
Бундан ташқари, объект паспорти, пешлавҳалар ва қурилиш майдонининг вақтинчалик тўсиқларидаги бошқа ёзувлар давлат тилида бўлиши талаб қилинади. Қурилаётган объектлар ҳақидаги реклама ва эълонларда давлат тилидан фойдаланиш мажбурий ҳисобланади.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг реклама харажатлари қоплаб берилади
Маҳаллий саноат корхоналарига маҳсулотларини Ўзбекистон ҳудудида ОАВ, ижтимоий тармоқлар, савдо майдончалари ва мобил иловаларда жойлаштириш орқали тарғибот ва ташвиқот қилиш харажатларини Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб беришга рухсат этилади.
Бунда мазкур харажатларнинг 50% дан 100% гача қисми, бироқ бир йилда 250 млн сўмдан кўп бўлмаган қисми қоплаб берилади. Савдо-саноат палатасининг хулосасига асосан саноат корхоналарига компенсациялар тақдим этилади.
Ўзини ўзи банд қилганлар фаолият турлари қисқартирилади
Ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари 104 тадан 72 тага қисқартирилади.
Рўйхатдан қуйидагилар чиқариб ташланади:
чакана савдо;
сартарошлик ва косметология хизматлари;
фото ва видео суратга олиш;
қандолатчилик маҳсулотлари;
салатлар ва тузламалар, ичимликлар тайёрлаш;
гидлик хизматлари;
копирайтинг, таржимонлик;
риелторлик хизматлар;
автотранспорт воситаларини таъмирлаш;
ёғоч ўймакорлиги;
тақинчоқлар ва атторлик буюмлари ишлаб чиқариш;
репетиторлик ва тўгараклар олиб бориш ҳамда бошқа айрим фаолият турлари.
Шу билан бирга, унга маркетплейсларда товарлар ва хизматларни сотиш, шунингдек, номоддий маданий мерос объектларини сақлаш киритилади. Ўзини ўзи банд қилганларга ҳайвонлардан фақат товуқ боқишга рухсат берилади.
ҚҚСга ўтган тадбиркорлар бир йилга фойда солиғидан озод этилади
Айланмадан олинадиган солиқ тўловидан илк марта ҚҚСга ўтган тадбиркорлар бир йил давомида фойда солиғи тўлашдан озод этилади. ҚҚС тўловчиси сифатида солиқ органларида ҳисобга қўйиш тартибини бузганлик учун молиявий жарима қўлланилмайди.
6 ой давомида бухгалтерия хизматлари харажатларининг ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3,5 бараваридан (4 млн 448,5 минг сўм) ошмаган қисмини тўлаётган солиқ тўловлари ҳисобидан чегириб ташланади.
Чиқинди хизматларида фақатгина кўрсатилган хизматлар учун тўлов ҳисобланади
Ўзбекистонда 1 январдан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун ҳақ тўлашнинг янги тартиби жорий этилади. Мазкур тартибга кўра, эндиликда санитар тозалаш соҳасида истеъмолчилардан фақатгина кўрсатилган хизматлар учун тўлов ҳисобланади.
Давлат ижтимоий суғуртасининг янги тизими жорий этилади
Фуқаролар давлат ижтимоий суғуртаси билан мажбурий ва ихтиёрий асосда қамраб олинади.
Фуқароларга давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлар уларнинг минимал суғурта стажи ва тўлаган суғурта бадалига мутаносиб равишда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси орқали тўланади.
1 январдан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси жамғарма орқали проактив шаклда тайинланади ва тўланади.
Камбағал оилалар аълочи фарзандларининг оромгоҳларда дам олиши тўлиқ қоплаб бериши
2026 йил 1 январдан камбағал оилаларнинг "аъло" баҳоларга ўқийдиган фарзандларининг Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси тизимидаги оромгоҳларда дам олиши ва соғломлаштирилиши харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.
Сайёр солиқ текширувларида мобил видеокамерадан фойдаланилади
2026 йилдан сайёр солиқ текширувини ўтказишда мобил видеокамерадан фойдаланиш мажбурий ҳисобланади. Мобил видеокамерадан фойдаланмасдан ўтказилган текширувлар ноқонуний ҳисобланади.
Хорижликлар учун махсус солиқ режими жорий этилади
Чет эл фуқароларининг Ўзбекистондан ташқарисидаги манбалардан олинган даромадлари учун махсус солиқ режими жорий этилади. Унинг доирасида бундай даромадлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан тўлиқ озод қилинади.
Озод этиш шарти сифатида чет эл фуқаролари 50 минг доллар миқдорида махсус йиғим тўлаши ва Ўзбекистондаги махсус ваколатли тижорат банкида банк ҳисобварағи ёки крипто-биржада крипто-ҳамён очиши шарт этилади.
Кетма-кет 12 ойлик давр давомида жами 30 календарь кундан кўпроқ мамлакатда ҳақиқатда бўлган жисмоний шахслар улар мулк ёки ижара ҳуқуқи асосида турар жой кўчмас мулк объектига эга бўлганда Ўзбекистоннинг солиқ резидентлари деб эътироф этилади.
Тошкентда автомобилларга экостикер бериш бошланади
Ҳукумат қарори билан автотранспорт воситаларига экологик стикерларни бериш тартиби белгиланган. Улар қуйидаги мезонларга кўра экологик тоифаларга ажратилади:
— бензин, сиқилган ва суюлтирилган газда ҳаракатланувчи:
Евро-2 ва ундан юқори экологик синфига (Евро ва унга муқобил бошқа турдаги стандартлар) кирувчи автомобиллар — "тоза";
Евро-0 ва Евро-1 — "ўрта".
— дизелда ҳаракатланувчи автомобиллар:
Евро-4 ва ундан юқори — "тоза";
Евро-3 — "ўрта";
Евро-0, Евро-1 ва Евро-2 — "зарарли".
Шунингдек, гибрид, муқобил ёқилғида (сиқилган ва суюлтирилган газ бундан мустасно) ҳаракатланувчи ҳамда ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган транспорт воситалари "тоза" тоифа олади.
Экологик тоифа автоматик тарзда “Автомототранспорт ҳисоби” модулида белгиланади, автомобиль синфи номаълум бўлса, диагностика текшируви ўтказилади. Натижадан норози бўлган автомобиль эгалари қайта диагностикадан ўтиши мумкин, "ўрта" ёки "зарарли" тоифа олганлар эса йилига бир марта бепул текширувдан ўтиб, тоифани яхшилаш ҳуқуқига эга. Кейинги диагностика ва экостикерлар БҲМнинг бир баравари — 412 минг сўм эвазига берилади.
Экологик транспорт тизими биринчи босқичда 2026 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳрида жорий этилади. У барча турдаги автомобилларнинг ҳавога чиқарадиган зарарли моддалар миқдорини белгиланган меъёрларга мослигини назорат қилади. Экологик стикерлар ҳам ушбу тизим доирасида берилади.
Экостикер бўйича жарималар 2026 йилдан қўлланилмайди. Тизим доирасидаги жарималар фақат 2028 йилдан кучга киради, унгача эса ҳайдовчилар учун тушунтириш ва тайёргарлик даври бўлади.
Исмни автомобилга рақам сифатида қўйишга рухсат берилади
"Ўзавтомотобелги" давлат унитар корхонасига аҳолининг талаб ва таклифидан келиб чиққан ҳолда автомототранспорт воситалари учун "ноёб" давлат рақами белгиларини очиқ ким ошди электрон савдолари орқали бериш ҳуқуқи берилди.
2026 йил 1 январдан бошлаб ЎзРТХБ тизимида рақам белгилари билан ўтказиладиган аукцион, шунингдек, "чиройли" рақамларни юқори нархларда бериш тартиби бекор қилинади. Унинг ўрнига, махсус ҳарф ва рақам комбинациялари бўлган давлат рақамлари жисмоний шахслар ва ташкилотларга электрон мурожаат асосида тақдим этилади.
Аукционда олтитагача ҳарф ёки рақамлар комбинациясидан иборат автомобиль рақамини сотиб олиш мумкин. Бунда "ноёб" давлат рақами белгилари амалдаги давлат рақами белгиларини такрорламаслиги, қонунчиликка ва ахлоқий нормаларга хилоф маънога эга бўлмаслиги керак.
Масалан, энди кўчаларда "САРВАР", "АЗИЗА", "ОДИЛ" ёки "БУХОРО" деб ёзилган рақамли машиналарни кўриш мумкин.
Солиқлар нималарга сарфланаётганини кузатиш мумкин
"Очиқ бюджет" ахборот порталида жисмоний шахслар томонидан тўланган солиқлар ҳисобидан амалга ошириладиган бюджет харажатлари маълумотларини ўзида акс эттирувчи "Жисмоний шахсларнинг солиқлари ҳисобидан харажатлар" модули ишга туширилади.
Бунда:
жисмоний шахс томонидан муайян даврда тўланган даромад солиғи, мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўғрисидаги маълумот;
тўланган солиқлар эвазига Давлат бюджетидан амалга оширилган харажатлар тўғрисидаги маълумотлар (харажатлар йўналишлари кесимида) доимий равишда эълон қилиб борилади.
Ягона QR код орқали тўловларни қабул қилиш мажбурий бўлади
Ўзбекистонда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи барча корхоналар учун электрон тўловларни қабул қилишда ягона QR код жорий этилади. 2026 йил 1 январдан бошлаб барча компаниялар банкларда генерация қилинган ягона QR код орқали электрон тўловларни қабул қилади.
2026 йилдан 1 та ташқи савдо шартномаси доирасида айнан бир хил турдаги товарларга мувофиқлик ва экологик сертификат 1 йилдан ошмаган муддатга 1 маротаба берилади.
33 та намунавий туман ва шаҳарида давлат идоралари раҳбарларининг ротацияси жорий этилади
"Янги Ўзбекистон қиёфасидаги" 33 та намунавий туман ва шаҳарда ҳокимият ҳамда бошқарув органларининг бўлим раҳбарлари, шунингдек, ҳокимлар ва ўринбосарлари ротацияси жорий этилмоқда.
Қолаверса, ходимларнинг коррупцияга чидамлилигини баҳолаш ва кадрлар захирасини шакллантириш тизими янгиланмоқда.
Янги давлат хизматчилари билан меҳнат шартномаси дастлаб бир йилга тузилади
2026 йил 1 январдан бошлаб янги давлат хизматчилари билан дастлаб 1 йиллик меҳнат шартномаси тузилади, фаолиятининг ижобий натижалари бўлса, у доимий шартномага айлантирилади. Иқтидорли бошқарувчилар ва лидерларни, янги авлод раҳбарларини аниқлаш ҳамда танлаш бўйича "ТОП-100" дастури жорий этилади
Иссиқхона хўжаликларига 1 фоизли ижтимоий солиқ ставкаси қўлланади
2026 йил 1 январдан 2028 йил якунига қадар иссиқхона хўжаликларига 1 фоизли ижтимоий солиқ ставкаси қўлланади. Иссиқхона хўжаликлари узлуксиз ишлашини таъминлаш учун уларга яна бир қатор солиқ ва кредит имтиёзларини бериш кўзда тутилган.
Vakolat.uz платформаси
Давлат хизматларидан бошқа шахслар воситасида фойдаланиш имконини берувчи Vakolat.uz платформаси ишга туширилади.
Унда, шунингдек, ишончномаларни ихтиёрий рўйхатдан ўтказиш ҳамда барча турдаги ишончномаларнинг ҳақиқийлигини текшириш мумкин. Платформадан фойдаланиш бепул бўлади.
Ерга оид ҳуқуқбузарликларнинг "қизил", "сариқ", "яшил" тоифалари
Ердан самарасиз фойдаланиш, ўзбошимчалик билан эгаллаш эҳтимолига кўра ҳудудлар "қизил", "сариқ", "яшил" тоифаларга бўлинади.
"Қизил" ва "сариқ" тоифадаги ҳудудлар кузатувга олинади. Ерга оид ҳуқуқбузарликка йўл қўйганларга фақат "Е-yer nazorat" тизими орқали чора кўрилади.
Мопед ва скутерлар учун алоҳида ҳайдовчилик гувоҳномаси жорий этилади
Мопед ва скутерларни бошқариш учун А1 кичик тоифаси жорий этилади. Ушбу тоифани олиш истагида бўлганлар автомактабларда мажбурий ўқув дастурини ўтамасдан, мустақил тайёрланиб, тўғридан-тўғри назарий ва амалий имтиҳонларни топширишлари мумкин бўлади.
"А", "Б", "С", "Д" тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлганлар А1 кичик тоифасидаги автотранспорт воситаларини тўғридан-тўғри бошқаришлари мумкин.
А1 кичик тоифасидаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш учун назарий имтиҳонда 20 та тестдан бошқа тоифалардан фарқли 18 та эмас, камида 16 тасига тўғри жавоб берганлар назарий имтиҳонни топширган деб ҳисобланади ва амалий имтиҳонга қўйилади.
Онлайн рўйхатга олиш
Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи бўйича вақтинча рўйхатга олиш бир йилгача бўлган муддатга ЯИДХП орқали амалга оширилади.
Даромади 100 млн сўмгача бўлган ўзини ўзи банд қилганлар айланма солиғи тўлайди
ЙТТ учун қатъий белгиланган миқдорда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш тартиби бекор қилинади.
Шунингдек, солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан даромади 100 млн сўмдан ошмаган ўзини ўзи банд қилган шахсларни айланмадан олинадиган солиқ тўлашдан озод қилиш тартиби ҳам бекор қилинган.
Йиллик айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган ЙТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1% миқдорида белгиланади.
Улушли қурилиш соҳасида эскроу ҳисоблари оммавий жорий этилади
Президент томонидан имзоланган фармон билан қурилишга улуш киритиш фақат нотариал тасдиқланган шартнома асосида амалга оширилиши белгиланган эди. Шунингдек, 1 январдан бошлаб, қурилишни молиялаштиришнинг ягона йўли эскроу ҳисоб тизими орқали амалга оширилади.
Кўчмас мулк ва қурилиш материаллари учун солиқлар бозор нархида ҳисобланади
Кўчмас мулк ва қурилиш материаллари бўйича солиқ базаси бозор қийматидан келиб чиқиб белгиланади.
Қурилиш ва савдо соҳасида фаолият юритувчи юридик шахслар устав капитали ва ундаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан, устав капиталига киритилган товарлар тўғрисидаги маълумотлар (электрон ҳисобварақ-фактуралар, онлайн-касса техникаси чеклари, божхона юк декларациялари, нотариал тасдиқланган олди-сотди шартномалари ва бошқа ҳужжатлар) ҳисобини юритиши шарт. Бу операциялар амалга оширилганидан кейин 15 кун ичида солиқ органларининг маълумотлар базасида шахсий кабинет орқали акс эттирилиши талаб этилади.
Эко-стикерларга изоҳ берилди: гибрид ва 3 йилдан ошмаган автомобиллар тоза тоифага киради