ТОШКЕНТ, 31 дек — Sputnik. Беш йилга — 2026−2030 йилларга мўлжалланган "Ўзбекистон-2030" стратегиясининг қайта кўриб чиқилган лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди. Бу ҳақда Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги хабар берди.
Янгиланган стратегия лойиҳаси 350 тадан ортиқ давлат органи ва илмий марказлар вакилларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилди, улар амалдаги стратегиянинг 444 та самарадорлик кўрсаткичларининг ҳар бирини баҳолади.
Маълум қилинишича, президент топшириқларига мувофиқ, ушбу ҳужжат кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, аҳолининг фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштирилади.
Тайёрланган лойиҳа бир нечта хусусиятларга эга.
Биринчидан, барча кўрсаткичлар "ҳар бир инсон ва оила ҳаётида сезилиши" керак бўлган янги мақсадларни ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилди ва тўлдирилди.
Иккинчидан, барча кўрсаткичлар ўлчанадиган, яъни рақамларда ифодаланадиган бўлди, баҳолаш ёки ўлчаш мумкин бўлмаган, умумий вазифалар, топшириқлар ва шиорларни ифодаловчи кўрсаткичлар чиқариб ташланди (улар 130 та эди),
Учинчидан, барча кўрсаткичларнинг бажарилиши йиллар бўйича амалга оширилиши белгиланди, бу эса ҳар бир йил учун тараққиётни кузатиш имконини беради.
Тўртинчидан, ҳар бир вазирлик ва идора бўйича (60 гаяқин) самарадорлик кўрсаткичлари белгиланди.
Бешинчидан, ҳужжатда ҳар бир кўрсаткичга эришиш учун зарур бўлган аниқ молиялаштириш манбалари кўрсатилди.
Олтинчидан, лойиҳада тармоқлар, соҳалар ва ҳудудларни ривожлантиришнинг барча концепция ва стратегиялари "Ўзбекистон — 2030" стратегиясига мувофиқ бўлиши белгиланмоқда. Лойиҳа иловасида 50 тадан ортиқ шундай ҳужжат (4 та концепция, 38 та соҳа ва тармоқни ривожлантириш стратегияси, 14 та ҳудудни ривожлантириш стратегияси) номлари келтирилади.
Стратегиянинг самарадорлик кўрсаткичларига эришиш яна барча давлат органлари ва ташкилотларининг устувор вазифаси этиб белгиланади.
2023 йилда Ўзбекистон аҳолиси сони 36,7 миллион нафарни ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич 2030 йилга бориб 41 миллионгача ошиши прогноз қилинмоқда. Ҳар бир янги мақсадни ушбу ўсишни инобатга олиб белгилаш ҳам муҳим.
Президент Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида эришилган улкан натижалар, янги устувор вазифалар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқишни тақозо этаётганини таъкидлаган эди.