ТОШКEНТ, 29 дек — Sputnik. Ўзбекистонда машҳур татар диншуноси, файласуф, олим ва маърифатпарвар Шаҳобиддин Маржонийнинг ҳаёти ва илмий меросига бағишланган “Ўқитувчи” бадиий фильмини суратга олиш ишлари бошланди. Бу ҳақда Татар жамоат маданий-маърифий маркази ўз Telegram каналида маълум қилди.
Фильм Маржонийнинг болалиги, шунингдек, Бухоро ва Самарқандда таҳсил олган даври, у ерда илмий фаолият билан шуғуллана бошлагани ҳақида ҳикоя қилади. Сюжетга кўра, бўлажак олим мустақил равишда математика ва тарихни ўрганади, китобларни кўчиради, хариталар тузади, жумладан, татар хонликларининг географик жойлашувини акс эттиради.
Суратга олиш жараёнлари Маржоний таҳсил олган Бухоро шаҳридаги тарихий Мир Араб мадрасасида бошланди. Фильм бош продюсери Миляуша Айтуганованинг таъкидлашича, мадрасада 2019 йилда аллома таваллудининг 200 йиллиги муносабати билан ўрнатилган эсдалик тахтачаси сақланиб қолган.
В Узбекистане начались съемки художественного фильма "Учитель"
© Татарский культурно-просветительного центр
Ушбу тахтачанинг очилиш маросимида Ўзбекистон ва Татаристон диний идоралари, Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳри ҳокимликлари, Татаристон Маданият вазирлиги, Бутунжаҳон татарлар конгресси “Миллий шўро” миллий кенгаши, Татаристоннинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Татаристон Фанлар академияси, шунингдек, Тошкент ва Бухородаги татар маданият марказлари вакиллари иштирок этган.
“Зиёрат туризми” халқаро форуми доирасида Маржоний меросига бағишланган давра суҳбати ҳам ўтказилди. Шунингдек, мадрасада Маржоний яшаган деб тахмин қилинган хона ва дарсхона ҳам сақланиб қолгани қайд этилди.
В Узбекистане начались съемки художественного фильма "Учитель"
© Татарский культурно-просветительного центр
Самарқанд шаҳрида суратга олиш ишлари икки жойда — шарқий бозор ва саройда ўтказилиши режалаштирилган. Сюжетга кўра, Самарқанд қозиси Маржонийнинг билим даражасини юқори баҳолаб, уни ўз фарзандларига шахсий устоз бўлишга таклиф қилади.
Қўшма лойиҳа ғояси 2022 йилда ўзбекистонлик киноижодкорлар томонидан Қозон шаҳрида бўлиб ўтган Олтин минбар халқаро кинофестивалида эълон қилинган. 2024 йил март ойида фильм яратиш бўйича меморандум имзоланган. Фильм премьераси эса 2026 йил сентябрь ойи бошида “Олтин минбар” Қозон халқаро кинофестивали доирасида бўлиб ўтиши режалаштирилган.