ТОШКEНТ, 29 дек — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ) Мўғулистон билан тузилган вақтинчалик савдо битимини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади.
Битим 367 та товар субпозицияси бўйича савдони эркинлаштиришни назарда тутади. Унга кўра, томонлар мазкур позициялар бўйича божхона тўловларини нолга тенглаштиради ёки пасайтиради.
Аввалроқ Россия иқтисодий ривожланиш вазирлиги раҳбари ўринбосари Владимир Ильичев таъкидлаганидек, ушбу келишув Эрон билан синаб кўрилган схема асосида амалга оширилади: дастлаб чекланган қамровли битим тузилади, кейин эса савдони тўлиқ либераллаштиришга қаратилган форматга ўтилади.
Унинг сўзларига кўра, имтиёзлар Россия ва Мўғулистон ўртасидаги ўзаро савдонинг 90 фоизини қамраб олган 367 та товар позициясига татбиқ этилади. Хусусан, Россия экспортининг 89 фоизи Мўғулистонга божсиз етказиб берилади, қолган 1 фоиз бўйича эса божлар пасайтирилади.
Ноябрь ойида Россия бош вазири Михаил Мишустин россиялик экспортчилар Мўғулистонга товар етказиб беришда имтиёзлар ҳисобига сезиларли маблағларни тежаши мумкинлигини таъкидлаган.
Шу билан бирга, Мўғулистон маҳсулотларининг Россия бозоридаги ассортименти ҳам кенгаяди. Ҳисоб-китобларга кўра, божхона тўловларини тежаш ҳажми Россия учун 99,2 миллион доллар, Мўғулистон учун эса 3,7 миллион долларни ташкил этади.
Қайд этилишича, Россия Хитойдан кейин Мўғулистоннинг иккинчи йирик савдо шериги бўлиб қолмоқда. Айни пайтда Мўғулистон фақат Япония ва ЕОИИ билан савдо шартномаларига эга. Битимнинг кучга кириши Россия маҳсулотларининг Мўғулистон бозоридаги рақобатбардошлигини янада ошириш имконини беради.
ЕОИИ
Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) - 2015 йил 1 январдан фаолият юритиб келаётган халқаро иқтисодий бирлашма. Иттифоққа ҳозир Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзодир. Ўзбекистон 2020 йилда ЕОИИда кузатувчи мақомини олди. Молдова, Куба, Эрон ҳам кузатувчи мақомига эга.