ТОШКЕНТ, 24 дек – Sputnik. Тошкентда бўлиб ўтган “Марказий Осиё ва Россия — 2025: йил якунлари ва келажак истиқболлари” мавзусидаги эксперт брифингида Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларда ишонч ва ишончлилик 2025 йилнинг асосий натижаларидан бири экани қайд этилди. Бу ҳақда “Берлек-Единство” геосиёсий тадқиқотлар маркази вакили Артур Сулейманов маълум қилди, дея хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Экспертнинг таъкидлашича, 2025 йилда евроосиёчилик фалсафий тушунчадан минтақадаги ўзаро муносабатларнинг амалий моделига айланди.
"Бугун евроосиёчилик энди фалсафа эмас, балки мамлакатларимизни бирлаштирадиган ва муносабатларни мустаҳкамлаш учун ҳақиқий самара берадиган Евроосиёнинг янги ижтимоий архитектурасидир", — деди Сулейманов.
Унинг сўзларига кўра, минтақа давлатлари ўртасидаги сиёсий ишонч юқори даражада сақланиб қолмоқда. Асосий халқаро музокаралардан сўнг Россия раҳбарияти биринчи навбатда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон етакчилари билан алоқада бўлади. Айнан шу ишонч Евроосиё интеграциясини минтақавий барқарорликнинг муҳим омилига айлантирмоқда.
Шунингдек, Сулейманов ташқи таҳдидларга қарамай, Евроосиё иқтисодий интеграцияси барқарор ривожланаётганини қайд этди. Унинг маълум қилишича, ЕОИИ мамлакатларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 2 фоиздан кўпроққа, ўзаро савдода ноэнергетика секторининг улуши эса 20 фоизга ошган.
Эксперт қўшма энергетика лойиҳалари, жумладан, АЭС қурилишига комплекс ёндашув орқали Марказий Осиёда энергия тақчиллиги муаммосини ҳал этишда “Росатом”нинг ролини ҳам таъкидлади.
Брифинг якунида иқтисодиёт, хавфсизлик ва “юмшоқ куч” масалаларига бағишланган саккизта давра суҳбати натижалари муҳокама қилинди.