Ўзбекистондаги АЭС: келгусида қўшимча энергоблоклар қурилиши мумкин

АЭСда қўшимча энергоблоклар қуриш масаласи электр энергиясига бўлган эҳтиёж ва таҳлилий ҳисоб-китоблар асосида кўриб чиқилиши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 дек – Sputnik. Ўзбекистонда "Росатом" давлат корпорацияси иштирокида қурилаётган атом электр станцияси (АЭС) майдонида тўртта йирик энергия блокини жойлаштириш кўзда тутилган, бироқ ҳозирча режа бўйича иккита катта ва иккита кичик блок қурилади. Бу ҳақда "Ўзатом" директори Азим Ахмедхаджаев маълум қилди, дея хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
"Аниқ тасдиқланган режа йўқ. Бугунги кунда ўрганилган майдон мавжуд бўлиб, у бундай жойлаштириш имконияти борлигини кўрсатади. Бироқ ҳозирги режага кўра, иккита кичик ва иккита катта энергоблок назарда тутилган. Шу боис бу масалани вақт кўрсатади", — деди Азим Ахмедхаджаев жамоатчилик эшитувлари доирасида АЭС қувватини катта блоклар ҳисобига кенгайтириш имконияти ҳақидаги саволга жавоб берар экан.
Унинг таъкидлашича, кейинчалик станция қувватини ошириш масаласи Ўзбекистонда электр энергияси истеъмолининг ўсиши ҳамда узоқ муддатли режалар инобатга олинган ҳолда кўриб чиқилиши мумкин.
"Агар раҳбариятга тақдим этиладиган таҳлилий ҳисоб-китоблар асосида шундай қарор қабул қилинса, қўшимча қурилиш ишлари амалга оширилади", — дея қўшимча қилди у.
АЭС: туризмга таъсири, ишлатилган ядро ёқилғиси ва сув таъминоти масалаларига изоҳ берилди