Замонавий ўқувчи узун матнларни тушунишга тобора камроқ тайёр бўлмоқда. Ахборотнинг ҳаддан ташқари кўплиги шароитида оммавий ахборот воситалари моҳиятни тез ва кўргазмали тарзда етказиш имконини берадиган тақдимот усулларини излашга мажбур бўлмоқда. Шундай воситалардан бири инфографика бўлиб, бугунга келиб янгиликлар ва таҳлилий материалларни усиз тасаввур қилиш қийин. Бу эса ахборотни тез ва аниқ етказишнинг самарали усули сифатида тан олинган.
Sputnik Ўзбекистон дизайнери Ярослав Пронько таҳририят амалиётида ва ундан ташқарида инфографиканинг қандай ишлаши ҳақида гапириб берди.
Учрашувда муҳокама қилинган инфографика ҳақидаги энг муҳим 5 та факт.
1. Инфографика қоятош расмлари давридан бери мавжуд
“Кўпчилик бу ҳақда ўйлаб кўрмайди, аммо маълумотларни визуаллаштиришни цивилизация ривожланишининг илк босқичларидаёқ бошлашган. Илк қоятош расмлари ҳам белгилар ва рамзлар орқали маълумот етказишга уринган. Ўшанда ҳам инсон ахборот узатишни соддалаштирмоқчи бўлган. Кейинчалик хариталар пайдо бўлди - бу ҳам инфографиканинг бир тури эди. Бизга таниш бўлган графикларни эса биринчи бўлиб Уильям Плейфэр, Жозеф Пристли ва Флоренс Найтингейл яратган”, - деб таъкидлайди Пронько.
2. Инфографика мураккаб нарсаларни босқич ва даражаларга ажратишда ёрдам беради.
Маърузачининг таъкидлашича, бу кундалик ҳаётда айниқса фойдали бўлиши мумкин: масалан, паспорт бўлимида ҳаракатлар кетма-кетлиги ва хоналар кўрсатилган жараён карточкаларидан фойдаланиш мумкин бўларди, иш жойида эса иерархик чизмалар ходимларга компания тузилмасида тезроқ йўналиш олишга кўмаклашарди.
3. Оммавий ахборот воситаларида инфографика нима билан фойдали?
Пронько шартли бир воқеа мисолида инфографика, айниқса, янгилик материалларида жуда фойдали эканлигини тушунтирди. Агар оммавий ахборот воситалари 15 минг киши норозилик билдирганини хабар қилса, шаҳар учун бу воқеанинг кўламини дарҳол тасаввур қилиш қийин. Визуаллаштирилган маълумот эса, ижтимоий ҳаракатнинг ҳажми ва аҳамиятини аниқ кўрсатиб беради, шу билан ахборотни аудитория учун тушунарлироқ қилади.
4. Сифатли инфографика нималардан иборат?
“Бу шунчаки “чиройли” ҳақида эмас, балки “тушунарли” бўлиши ҳақидадир. Юқорида сарлавҳа, кейин кичик сарлавҳа, ўлчов бирликлари, график, маълумотлар тасвирланиши ва манба бўлиши лозим. Инфографика кўпроқ ишонч уйғотиши учун манбани кўрсатиш муҳимдир. Шу билан бирга, яхши инфографика смартфонда ҳам жуда қулай ўқилиши керак”, – дейди маърузачи.
5. “Чиройли қилинг” - бу техник топшириқ эмас
“Инфографика техник топшириқдан бошланади. Унда инфографика жойлаштирилиши керак бўлган платформа, муддати, формати, сарлавҳа, кичик сарлавҳа, визуализация учун маълумотлар ва манбаси аниқ кўрсатилади”, - деди Ярослав Пронько қулай техник топшириқ бўйича кўрсатмалар ҳақида.
Учрашув формати талабаларга нафақат назарий билимлар билан танишиш, балки амалий саволлар бериш имкониятини ҳам яратди. Маъруза якунида иштирокчилар оммавий ахборот воситаларида ҳамда бошқа лойиҳаларда қўллаш мумкин бўлган тавсияларни олди.
Маълумот учун: SputnikPRO - Sputnik ахборот агентлиги томонидан ташкил этилган медиа соҳасидаги халқаро маърифий лойиҳа. Бу лойиҳа журналистлар, матбуот котиблари, блогерлар ва олий таълим муассасаларининг тегишли йўналишлари бўйича юқори курс талабалари учун мўлжалланган. Унда Россия ва хорижлик нуфузли медиа-менежерлар, экспертлар ҳамда агентликнинг етакчи мутахассислари томонидан ўтказиладиган ноёб семинар, маъруза ва маҳорат дарслари тизими тақдим этилади.