"Электрон рецепт" тизимини жорий этиш тартиби белгиланди

Илк босқичда антибиотиклар ва гормонал дори воситалари фақат шифокор томонидан рақамли шаклда тайинланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. Ўзбекистонда “Электрон рецепт” тизимини босқичма-босқич жорий этиш тартиби белгиланди. Тегишли низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Низомга мувофиқ, беморларга тайинланадиган дори воситалари тўғрисидаги маълумотлар электрон рецептга бевосита шифокор томонидан киритилади ҳамда электрон тасдиқлаш усуллари орқали тасдиқланади.
Электрон рецептга ўтказиладиган дори воситаларининг гуруҳларини шакллантириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан Экспертлар кенгаши ташкил этилади.
Электрон рецепт тизимини жорий этишнинг биринчи босқичида қуйидаги дори воситалари фақат электрон рецепт асосида тайинланади:
антибиотиклар ва тизимли таъсир этувчи синтетик антибактериал дори воситалари;
тизимли таъсир этувчи гормонал дори воситалари.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган 1003 қисқа рақамли Call-марказ орқали ётоқ режимида бўлган ҳамда сурункали касалликка чалинган беморлар учун қатор имкониятлар яратилади. Хусусан, улар:
ўзларига бириктирилган оилавий шифокорга мурожаат қилиш;
даволаш курсини давом эттириш мақсадида оилавий шифокор ёки тор соҳа мутахассисига масофадан мурожаат қилиш орқали электрон рецепт олиш имконига эга бўлади.
Электрон рецепт тизими босқичма-босқич жорий этилади - ССВ