ТОШКЕНТ, 12 дек – Sputnik. Инфографика журналистика ва оммавий ахборот воситаларининг энг муҳим қуролларидан бирига айланди. У материални шунчаки “безатиб” қўймасдан, балки уни кенг аудитория учун тушунарли ва қабул қилиш осон бўлган шаклга келтиради. Айнан шу мавзуга SputnikPRO таълим лойиҳаси доирасида ўтказилган Sputnik Ўзбекистон дизайнери Ярослав Проньконинг маърузаси бағишланди.
SputnikPRO маърузаси илк бор Тошкентдаги Пучон университетида бўлиб ўтди ва 70 нафардан зиёд тингловчиларни ўзига жалб этди. Мазкур олий ўқув юрти Корея таълим тизими асосида фаолият юритади ҳамда ахборот технологиялари ва бошқа замонавий йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлайди. Айнан шу боис инфографика мавзуси талабалар учун ғоят долзарб бўлди: маълумотларни визуаллаштириш уларнинг келажакдаги касбий фаолияти билан бевосита алоқадор.
Маърузачининг айтишича, самарали визуализация учта амалий масалани ечишга ёрдам беради:
асосий маълумотни бир зумда кўрсатиб, ўқувчи вақтини тежайди;
жараёнларни тушунтиради - айниқса, сўз билан ифодалаш қийин бўлган ҳолатларни;
кўп маълумотлар орасида адашиб қолмасдан, ҳақиқатдан ҳам муҳим рақамларни ажратиб кўрсатади;
одатда эътиборни тортмайдиган қуруқ статистикани жонлантиради.
“Инфографика қизиқарли бўлиши мумкин: эможи, иконка, расмлар – агар улар маълумотни оғирлаштирмасдан, у билан ўринли уйғунлашса”,– дея таъкидлади эксперт.
Алоҳида қисм инфографика яратишдаги кенг тарқалганхатоларга бағишланди.
“Яхши инфографиканинг мезонлари – у смартфонда ўқилиши керак: сарлавҳа жуда катта ва аниқ кўринадиган рақамлар бўлиши лозим. Ёмон инфографика эса кўп тикилиш керак бўлган иконкалар ва тартибсиз жойлаштирилган матндан иборат бўлади”, - деб таъкидлади Ярослав Пронько.
Маҳорат дарсининг энг амалий қисмларидан бири техник топшириққа бағишланди. Дизайнер самарали маҳсулот яратиши учун техник топшириқ қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
инфографика жойлаштирилиши керак бўлган платформа,
формат (карточкалар, статик графика, видео),
топшириш муддати,
барча маълумотлар якуний кўринишда,
аниқ сарлавҳа ва кичик сарлавҳа,
ахборот манбаи,
керакли урғулар (агар мавжуд бўлса).
Якунида савол-жавоб сессияси бўлиб ўтди, унда талабалар мутахассисдан маслаҳат ва касбий тавсиялар олди.
Маълумот учун: SputnikPRO - Sputnik ахборот агентлиги томонидан ташкил этилган медиа соҳасидаги халқаро маърифий лойиҳадир. Бу журналистлар, матбуот котиблари, блогерлар ва олий таълим муассасаларининг тегишли йўналишлари бўйича юқори курс талабалари учун мўлжалланган ноёб семинар, маъруза ва маҳорат дарслари тизими бўлиб, унда энг яхши россиялик ва хорижий медиа-менежерлар, экспертлар ҳамда агентликнинг етакчи мутахассислари иштирок этадилар.