Талабалар учун самолёт ва поезд чипталарига чегирма эълон қилинди

Маҳаллий йўналишлар учун 50 фоизли чегирма авиақатновлар эконом-класс тарифлари учун 26 декабрдан 11 январгача, поездлар учун 18 декабрдан 12 январга қадар амал қилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 дек – Sputnik. “Uzbekistan Airways” ва “Ўзбекистон темир йўллари” компаниялари Янги йил арафасида талабалар учун чипталарга чегирмалар эълон қилди.
Хусусан, “UzAirways” ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари талабалари ва ўқувчилари учун барча маҳаллий авиақатновларга эконом-класс тарифларига 50% гача чегирмалар жорий қилади.
Чегирма 2025 йил 26 декабрдан 2026 йил 11 январгача амалга ошириладиган парвозлар учун амал қилади.
Чегирма давлат таълим муассасасида ўқиганлигини тасдиқловчи ҳужжат асосида берилади. Бундай маълумотномани қуйидаги усуллар билан олиш мумкин:
ЯИДХП орқали онлайн;
таълим муассасасида;
ёки "Ўзбекистон Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази" ДМнинг электрон тасдиқномаси шаклида.
Қайд этилишича, йўловчи тарифига қўшимча равишда турли солиқлар, йиғимлар ва қўшимча тўловлар белгиланади, уларга 50% гача чегирма қўлланилмайди.
“Ўзбекистон темир йўллари”эса республика олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларга маҳаллий йўналишдаги қатновлар учун чегирмалар эълон қилди.
Барча маҳаллий йўналишдаги йўловчи поездларининг темир йўл ҳужжатининг тўлиқ қийматидан 50% чегирма 2025 йил 18 декабрдан 2026 йил 12 январга қадар амал қилади.
Аниқлик киритилишича, чегирма SV/VIP класс вагонлари ва юқори тезликда ҳаракатланувчи "Афросиёб" электропоездларини қамраб олмайди.
Чипталарни eticket.railway.uz сайти ҳамда компания иловалари орқали электрон харид қилиш мумкин.
Эслатамиз, Ўзбекистонда олий, ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари ва академик лицейлар талаба ва ўқувчилари учун қишки таътил 28 декабрдан бошланади. Қишки таътил 2026 йил 10 январига қадар (шу куни ҳам) давом этади.
Контракт тўлови муддатлари янгиланди: олий таълимда янги қоидалар жорий этилди