"Ўзбекистон табиий мероси" номли йирик фотокўргазма очилди — фото

Тадбир иқлим ўзгариши шароитида табиий бойликларни муҳофаза қилиш ва жамоатчилик эътиборини экологик муаммоларга қаратилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 дек — Sputnik, Баҳром Ҳатамов. Тошкент Фотосуратлар уйи 10 декабрь куни Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Фотосуратлар уйи ҳамкорлигида тайёрланган "Ўзбекистон табиий мероси" фотокўргазмасига мезбонлик қилди.
Кўргазма "8 декабрь — Жаҳон иқлим куни" муносабати билан ҳам, иқлим ўзгариши таъсири ортиб бораётган бир пайтда табиат масалаларига баҳамжиҳат эътибор қаратиш мақсадида ташкил этилди.
Экспозицияда 60 та фотосурат жой олган бўлиб, улар мамлакат табиий меросининг гидрологик, геологик, биологик ва палеонтологик тоифаларини қамраб олади. Суратларда Қорақалпоғистон чўлларидан тортиб тоғ манзараларигача, шаршаралардан бошлаб қўриқхоналардаги ноёб флора ва фаунагача — Ўзбекистон табиатининг кенг ранг-баранглиги ёритилган.
Кўргазмада профессионал ва ҳаваскор фоторассомлар асарлари тақдим этилгани томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. Уларнинг суратлари нафақат гўзалликни, балки стресс остида қолган экотизимларнинг аҳволини ҳам акс эттиради. Мутахассисларнинг таъкидлашича, иқлим ўзгариши натижасида сув ресурсларининг камайиши, биохилма-хиллик пасайиши, тупроқнинг деградацияси каби хавфлар ортаётгани суратларда яққол намоён.
1 / 18

Очилишдаги Рустам Шарипов нутқи

2 / 18

Ҳ. Шораҳмедов. Ғелон қишлоғи. Қашқадарё вилояти 2022

3 / 18

Томошабинлар

4 / 18

В. Гончаренко. Айдаркўл. Навоий вилояти, 2019

5 / 18

Очилишда томошабинлар

6 / 18

Р. Грановская. Қора томоқли қичитқи, 2023

7 / 18

Фотосуратни муҳокама жараёни

8 / 18

А. Пан. Сўқоқ қишлоғи, Тошкент вилояти, 2023

9 / 18

Фотокўргазма меҳмонлари

10 / 18

Кўргазма иштирокчиси фотосуратчи Рамил Валиев

11 / 18

Қўргазма иштирокчиси фотосуратчи Ҳамдам Шораҳмедов

12 / 18

Р. Янгаев. Ҳисорак, Қашқадарё вилояти, 2024

13 / 18

Миллий нимча кийган томошабин

14 / 18

Р. Грановская. Бадак кўли. Тошкент вилояти 2019

15 / 18

Диққат расмда

16 / 18

Ҳ. Шораҳмедов. Ғелон қишлоғи. Қашқадарё вилояти 2022

17 / 18

Пейзажга шўнғиш

18 / 18

Кўргазма афишаси

"Табиатни асраш — бу фақат мутахассислар вазифаси эмас. Бу ҳар бир фуқаронинг кундалик бурчи. Табиати йўқолган халқнинг келажаги ҳам шубҳали. Табиат — бу ўтмишдан мерос эмас, балки келажак авлодларга вақтинча берилган омонат", дейди кўргазма куратори Суҳроб Қурбонов.

Кўргазма доирасида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан чоп этилган "Ўзбекистон табиий мероси" ва "Ўзбекистон табиати фаслларда" номли илмий-оммабоп альбом-китоблар тақдимоти ҳам ўтказилди. Уларда мамлакатнинг табиий ёдгорликлари, кўл ва дарёлари, тоғ ва чўллари, қўриқланадиган ҳудудлари ҳақида илмий тадқиқотларга асосланган маълумотлар берилади.
Эколог-мутахассислар фикрича, бундай тадбирлар аҳолининг экологик саводхонлигини ошириш, айниқса ёш авлодда табиатга масъул муносабатни шакллантиришда жуда муҳим.
Фотокўргазма 14 декабрь кунигача давом этади ва кенг жамоатчилик учун очиқ.