Коррупцияга қарши курашиш кластери ташкил этилади

“Коррупцияга қарши курашишга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони ҳам таъсис этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 дек — Sputnik. Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш кластери ташкил этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев коррупцияга қарши курашиш, комплаенс назоратини такомиллаштириш ва рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги режалар тақдимоти билан танишиши чоғида маълум қилинди.
Қайд этилишича, бу тизим Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Ҳисоб палатаси ва Давлат молиявий назорати инспекцияси, идораларнинг ички назорат бўлинмалари, таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида мазкур иллатга қарши курашиш бўйича яқин ҳамкорлигини ўрнатиш ва уларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга хизмат қилади.
Кластер доирасида ахборот алмашиш, қўшма тадбирлар ўтказиш, мониторинг ва баҳолаш орқали яхлит экотизим яратилади, ишларнинг самарадорлиги ошади.
Тақдимотда соҳани рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Турли идораларнинг маълумот базаларини интеграция қилиш асосида Хавф-таҳлил марказини ташкил этиб, коррупцион хавфларни ҳамда давлат харидларида аффилланганлик ҳолатларини автоматик аниқлаш режалаштирилган.
Қарорлар қабул қилишда жамоатчилик назоратини кучайтириш учун “E-qaror” тизимида ҳужжатларнинг очиқ эълон қилиниши устидан назоратни ҳамда бюджет маблағларидан фойдаланишда жамоатчилик назорати имкониятларини кенгайтириш топширилди.
Соҳа ва тармоқларда коррупция омилларини бартараф этиш бўйича лойиҳа офисларини ташкил этиш таклиф қилинди. Бунда коррупция жиноятлари статистикаси ва бюрократия даражаси юқори, фаолияти бўйича фуқаролардан энг кўп мурожаатлар келиб тушаётган ҳамда рақамлаштириш даражаси паст бўлган соҳалар билан манзилли ишлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бундай соҳа ва тармоқларда лойиҳа офислари ташкил этилиб, фаолият якунлари бўйича ҳисобот тайёрланади ва жамоатчиликка эълон қилинади.
Инвестиция лойиҳаларининг ижросини назорат қилувчи ташаббускор гуруҳларни кўпайтириш, қурилиш ишларини назорат қилишда маҳалла фаолларининг иштирокини таъминлаш таклиф қилинди.
Коррупция ҳақида хабар бераётганлар сонини ошириш мақсадида уларга ҳимоя ордери беришни йўлга қўйиш, рағбатлантиришнинг реал механизмини жорий этиш муҳимлиги таъкидланди. “Коррупцияга қарши курашишга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишонини таъсис этиш ташаббуси илгари сурилди.
Ўзбекистон минтақа давлатлари билан коррупцияга қарши курашишда ҳамкорликни кучайтиради