СИ йўл қоидабузарлигини автоматик аниқлайди: президент таклифларни маъқуллади

Таъкидланишича, СИ тиббиётда диагностика вақтини қисқартиради, мактабда ўқитувчининг кўмакчиси бўлади, йўл қоидабузарлигини автоматик аниқлайди ва қишлоқ хўжалик экинларини мониторинг қилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт ва космос соҳаларида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузурида махсус марказ ташкил этилган. Сунъий интеллектни жорий этиш учун зарур ҳисоблаш инфратузилмаси яратилмоқда. Жумладан, АҚШнинг “Nvidia” компанияси билан ҳамкорликда суперкомпьютер кластери ишга тушириш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Тиббиёт йўналишида 5 та лойиҳа жорий этилмоқда. Хусусан, инсульт ва кўкрак саратонини сунъий интеллект ёрдамида аниқлаш орқали диагностика вақти 80 фоизга қисқариб, хавфли ҳолатлар барвақт аниқланмоқда. Шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан биргаликда ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида жигар, ўпка, простата бези саратони, инфаркт ва мураккаб суяк синишларини акс эттирувчи суратларни сунъий интеллект асосида таҳлил қилиш тизимларини жорий этиш режалаштирилган.
Мактаб таълими учун сунъий интеллектга асосланган платформа ишлаб чиқиш таклиф этилди. Унда ўқитувчининг виртуал ёрдамчиси интеграция қилиниб, маъруза матнлари, тақдимотлар, дарс режалари ва тестлар тайёрлаш, имтиҳонларни назорат қилишда кўмаклашади.
Транспорт соҳасида сунъий интеллект ёрдамида йўл қоидабузарликларини автоматик аниқлаш, вагонларнинг техник ҳолатини мониторинг қилиш орқали авариялар хавфини камайтириш бўйича ечимлар тақдим этилди.
Шунингдек, “Samarqand-2028” сунъий йўлдошини ишлаб чиқиш ишларининг бориши муҳокама қилинди. Ерни масофавий зондлашга мўлжалланган ушбу йўлдош учун сунъий интеллект модули яратилиб, ундан ҳаво сифати, қишлоқ хўжалиги экинлари ва ўрмонларни мониторинг қилишда фойдаланиш мумкин бўлади.
Тақдимот якунида президент кўриб чиққан масалалар бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.
Президент танлови, 1 млрд $ инвестиция: Ўзбекистон сунъий интеллектни янада ривожлантиради