Лондонда “Тайметов: ғалаба жарчиси” фильми SIFFA мукофотига сазовор бўлди

Фильмда биринчи ўзбек учувчиси, Рейхстаг устига кўтарилган Қизил байроқ, Германиянинг капитуляция акти, Учинчи Рейх байроқларини Берлиндан Москвага олиб келган Тайметов ҳақида ҳикоя қилинади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 дек — Sputnik. Лондонда ўтказилган кинофестивалда ўзбекистонлик режиссёр Элдор Йўлдашевнинг “Тайметов: ғалаба жарчиси” (“Taymetov: The Forgotten Hero”) ҳужжатли фильми “Энг яхши ҳужжатли фильм” номинациясида ғолиб деб топилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Тошкент аэропорти тарихи ҳақидаги архив тадқиқотлар асосида яратилган мазкур фильм Лондондаги “Independent International Film Festival & Awards – SIFFA UK” доирасида “Piccadilly Vue Cinema” кинотеатрида намойиш қилинди. SIFFA — кино, санъат ва адабиёт орқали маданий мулоқот ҳамда глобал тушунишни ривожлантиришга қаратилган халқаро мустақил кинофестиваль ва мукофотлар платформаси ҳисобланади.
Маълумотларга кўра, Абдусамат Тайметов Иккинчи жаҳон уруши йилларида юздан ортиқ жанговар парвозни амалга оширган. У фронт чизиғини кесиб ўтиб, душман орқасидаги партизанларга озиқ-овқат ва қурол-яроғ етказиб берган, разведкачиларни манзилга етказган.
Фильм премьераси шу йил май ойида Москвада бўлиб ўтган “Маданиятлар мулоқоти” медиа-форумида намойиш этилган эди.
Қисқа вақт ичида ушбу ҳужжатли фильм бир қатор мукофотларга сазовор бўлди: “Олтин Рицарь” халқаро кинофорумида “Энг яхши дебют”, “Yevroosiyo-Kinofest” фестивалида матбуот мукофоти, шунингдек, “Маданиятлар мулоқоти” медиа-форумида махсус диплом билан тақдирланган.
Москвада “Тайметов. Ғалаба жарчиси” фильмининг премьераси бўлиб ўтди