ТОШКЕНТ, 1 дек — Sputnik. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳасидаги ҳамкорлик дастури доирасида Афғонистондан гўшт импортини кенгайтиради. Бу ҳақда Афғонистон Қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вазирликнинг маълум қилишича, вазир ўринбосари Мавлавий Садразам Усмоний Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшиджон Абдузуҳуров билан Кобулда учрашув ўтказган. Томонлар Афғонистондан гўшт сотиб олиш ҳажмини ошириш, чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан келишувга эришган.
Учрашув чоғида Фарёб вилоятининг Андхой туманида боғлар ташкил этиш ва уруғчилик соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ўзбекистон делегациясининг ташрифи техник ҳамкорликни кучайтириш, аграр маҳсулотлар савдосини кенгайтириш ва тажриба алмашиш мақсадида амалга оширилгани қайд этилди.
“Икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми сўнгги йилларда 410 миллион доллардан 610 миллион долларгача ошди. Ўзбекистон Афғонистон билан қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда”, — деди Абдузуҳуров.
Афғонистон томонининг таъкидлашича, мамлакат хусусий сектори гўшт ишлаб чиқариш ва экспорт қилишда етарли қувватга эга. Шу муносабат билан Афғонистонда йирик ва стандартларга мос чорвачилик фермаларини ташкил этиш таклиф қилинган.
Вазирлик, шунингдек, маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар учун сармоявий шароитларни яхшилаш устида иш олиб борилаётганини билдирди. Илгари икки мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.