Мирзиёев: мақсадимиз - 2030 йилгача Ўзбекистонни бюрократиядан холи ҳудудга айлантириш

Янги Ўзбекистонда “Қоғозсиз ҳукумат” тизимига тўлиқ ўтилиб, қоғоз айланмасидан бутунлай воз кечилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 ноя – Sputnik. Пировард мақсадимиз – 2030 йилга қадар Ўзбекистонни ортиқча бюрократиядан холи бўлган ҳудудга айлантиришдан иборат, дея маълум қилди президент Шавкат Мирзиёев бюрократияни бартараф этиш масалаларига бағишланган халқаро форумда сўзлаган нутқида.
Давлат раҳбари бугун бюрократияни камайтириш бўйича алоҳида дастур тасдиқланганини маълум қилди. Ушбу ҳужжат, энг аввало, давлат ва аҳоли, давлат ва бизнес ҳамда давлат тузилмасининг ички муносабатларида бюрократияни бартараф этиш, ҳар томонлама қулай давлат хизматлари экотизимини яратишни назарда тутади.
Дастур доирасида 2030 йилга қадар амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Жумладан, давлат хизматлари сони 1,5 мингтага, электрон хизматлар улуши 95 фоизга етказилади. Келгуси йилнинг ўзида 250 та хизматлар электрон шаклга ўтказилади. Масалан, автотранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш, қўшилган қиймат солиғини қайтариш каби хизматлардан электрон фойдаланиш йўлга қўйилади.
Янги Ўзбекистонда “Қоғозсиз ҳукумат” тизимига тўлиқ ўтилиб, қоғоз айланмасидан бутунлай воз кечилади. Мавжуд 40 миллион ҳужжатлардан 25 миллиони, шундан кейинги йилнинг ўзида 5 миллиони рақамлаштирилади.
Онлайн ва композит хизматларнинг сони 400 тага етказилади. Келгуси йилнинг ўзида 180 турдаги бундай хизматлар жорий этилади.
“Натижада фуқаро мурожаат қилмасдан унга хизмат кўрсатиладиган тизимга ўтамиз”, – деди Мирзиёев.
Шунингдек, барча давлат хизматлари хатловдан тўлиқ ўтказилади. Бунда бир-бирини такрорловчи, кераксиз, фуқароларга юк бўлаётган талаблар бекор қилинади.
Хусусан:
лицензия ва рухсатномалар бериш, коммунал тармоқларга уланиш, қурилиш соҳасида 300 тадан ортиқ давлат хизматлари соддалаштирилади. Масалан, 4 та коммунал тармоққа ягона ариза асосида уланиш имконияти яратилади;
хизмат кўрсатиш муддатлари кескин қисқартирилади ҳамда ортиқча ҳужжат ва маълумотлар талаб қилиш бекор қилинади;
100 тадан зиёд давлат хизматларининг кўрсатиш муддатлари 50 фоизга қисқаради. 110 тадан ортиқ маълумот ва ҳужжатлар талаб қилиш тўлиқ бекор қилинади;
Давлат хизматлари портали, “Лицензия” тизими, “Ягона дарча” божхона платформаси ва колл-марказлар тўлиқ сунъий интеллект асосида ишлашга ўтади.
Ҳар йили вазирлик ва идоралар фаолияти махсус рақамли платформа орқали баҳоланади. Энг яхши натижага эришган идоралар ва ходимларни рағбатлантириш тартиби жорий этилади.
Дастур натижадорлигини доимий равишда мониторинг қилиш, вазирлик ва идораларнинг бюрократияни қисқартиришга доир фаолиятини мувофиқлаштириш учун алоҳида Дастур офиси фаолияти йўлга қўйилади.
Аҳоли ва бизнес вакиллари учун дастурга қўшимчалар ва янги ташаббусларни тўғридан-тўғри киритиш, шу билан бирга, улар томонидан вазирлик ва идораларнинг дастур доирасидаги фаолиятини баҳолаш имконияти яратилади. Бунинг учун 3 миллион доллар миқдорида мукофот жамғармаси ташкил этилади.
Ушбу жамғарма ҳисобидан бюрократияни бартараф этиш бўйича янги ташаббус билан чиққан аҳоли, бизнес вакиллари ҳамда давлат хизматчилари алоҳида пул мукофотлари билан рағбатлантирилади.
Шунингдек, қўшимча номинациялар бўйича ҳам рағбатлантириш механизмлари жорий этилади.
“Бюрократияни бартараф этиш – давлатнинг халққа хизмат қилишга қаратилган устувор вазифасидир. Биз биргаликда шундай тизимни яратишимиз керакки, фуқаро давлат идорасига эмас, давлатнинг ўзи ҳар бир фуқаронинг олдига бориши ва муаммосини ҳал қилиши лозим. Бу – Янги Ўзбекистон давлат бошқарувининг замонавий ва инсонпарвар қиёфаси бўлиши зарур”, – деди президент
Шундан сўнг давлат раҳбари рамзий тугмани босиб, Бюрократияни бартараф этиш дастурини ишга туширди.
Президент Шавкат Мирзиёев