ТОШКЕНТ, 26 ноя – Sputnik. 23 декабрь куни "Росатом" давлат корпорацияси иштирокида атом электр станцияси (АЭС) қурилиши бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилади. Бу ҳақда “Ўзатом” агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотга кўра, эшитувлар 2025 йил 23 декабрь куни соат 11:00 да, Жиззах вилояти Фориш туманидаги Боғдон аҳоли пунктида жойлашган 30-сон Маданият марказида бўлиб ўтади.
Эълонда АЭС лойиҳасининг асосий техник параметрлари келтирилган:
қуввати — 2110 МВт;
йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш — 16–17 млрд кВт/соат;
Ўзбекистон энергия балансидаги улуши — 12–15%;
эксплуатация муддати — 60 йил.
Шунингдек, эълонда жамоатчилик вакиллари ва манфаатдор томонлар АЭС лойиҳаси бўйича эшитувларда иштирок этишга таклиф қилингани қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил май ойида Тошкентда Жиззах вилоятида кичик қувватли атом электр станцияси қурилиши бўйича атом энергетикаси тарихидаги биринчи экспорт шартномаси имзоланган. “Росатом” станция қурилишининг бош пудратчиси сифатида белгиланган бўлиб, лойиҳада маҳаллий компаниялар ҳам иштирок этади.
Жорий йил октябрь ойида АЭС учун хандақ қазилиши бошланган. “Ўзатом” 2026 йил бошида станция қурилиши учун расмий рухсат олишни режалаштирмоқда, биринчи бетон қуйиш марти ойига мўлжалланган. Лойиҳага кўра, станция қурилиши 2035 йилда тўлиқ якунига етказилиши кутилмоқда.