20 ноябрь куни Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, ёш ва истеъдодли рассом Улуғбек Ражабовнинг “Учар туя ривояти” номли шахсий кўргазмаси тантанали тарзда очилди.
Мазкур маданий тадбир Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳамда Тошкент Фотосуратлар уйи ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Кўргазмада рассомнинг 30 тага яқин рангтасвир асарлари намойиш этилади. Ражабов бугунги кунда республика миқёсидаги йирик кўргазмалар иштирокчиси сифатида санъат ихлосмандларига яхши таниш. Унинг асарлари ёрқин ранглари, шаклларнинг пластика ва ифодавий жиҳатдан ўзига хослиги билан ажралиб туради.
Рассом ўзининг ранглар билан ишлашдаги ички сезгирлиги ва тажрибаси орқали ҳар бир асарига ўзгача руҳ бағишлайди. Баъзан бу туйғу она шаҳри Самарқанднинг кўҳна сайқалидан илҳом олади, баъзан эса ижодкорнинг ички мусиқаси билан уйғунлашади. “Соядаги қизлар”, “Баҳор”, “Оқшом”, “Кузги кайфият” каби асарлар шулар жумласидан.
Кўргазманинг асосий қисмини ташкил этувчи йирик ҳажмдаги концептуал асарлар эса томошабинни нафақат ўзининг кўлами, балки мавзу талқини билан ҳам ҳайратга солади. Уларда рассом қадимий Сўғд маданиятига нафис, эҳтиёткорона ва шу билан бирга замонавий ёндашув орқали мурожаат қилади.
Маҳобатли шакллар, қадимий руҳни акс эттирувчи ранглар композицияларга чуқур мазмун, тарихий жаранг ва бадиий улуғворлик бағишлайди. “Буюк тамаддунлар”, “Сўғд гўзаллари”, “Тўй”, “Учар туялар”, “Афросиёб ишқи” — Ражабов ижодидаги рамзий ва маънодаги энг ёрқин намуналардан ҳисобланади.
“Ранг – бу менинг ҳикоя тилим. Баъзан биргина оҳанг бутун ривоятни айтиб бериши мумкин”, — дейди Улуғбек Ражабов.
Ижодкор ҳақида қисқача
Улуғбек Ражабов 1981 йилда Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида туғилган. П. Бенков номидаги Республика рассомлик коллежини тамомлаган, сўнг К. Беҳзод номидаги МРДИда бакалавриат ва магистратура босқичларида таълим олган.
2009 йилдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси. 2011–2021 йилларда турли ижодий таълим муассасаларида дарс берган. Рассомнинг асарлари халқаро ва республика кўргазмаларида намойиш этилган бўлиб, бугунги кунда дунёнинг турли давлат музейлари ва шахсий галереяларида сақланади.