Бишкекдаги CAREC Вазирлар конференциясида иккита меморандум имзоланди

Конференцияда Ўзбекистон савдо, инвестиция ва рақамли инфратузилма бўйича ташаббусларни илгари сурди, шунингдек, электрон сертификатларни ўзаро тан олишга оид англашув меморандуми имзоланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 ноя – Sputnik. Бишкек шаҳрида бўлиб ўтаётган CARECнинг 24-Вазирлар конференциясида CAREC мамлакатлари ўртасида электрон алмашинув ва мувофиқлик сертификатларини ўзаро тан олиш бўйича пилот моделга доир англашув меморандуми имзоланди.
Конференцияда иштирок этган Инвестициялар, савдо ва саноат вазири Лазиз Кудратов CAREC Савдони ва инвестицияларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битим (CARTIF) бўйича музокараларни бошлаш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Сессиялар доирасида вазир Ўзбекистоннинг технологиялар ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш, минтақавий боғлиқликни кучайтириш, транспорт-логистика занжирларини модернизация қилиш ҳамда иқлим хавфларига чидамлиликни оширишга қаратилган таклифларини тақдим этди. Шунингдек, инсон капитали, инновациялар ва рақамли трансформация бўйича устувор йўналишлар алоҳида таъкидланди.
Конференция доирасида CAREC инновациялар ва венчур инвестициялари катализатори фондини ташкил этиш ҳақидаги Меморандум ҳам имзоланди.
Маълумот учун:
CAREC (Central Asia Regional Economic Cooperation) — Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури.
CARTIF (CAREC Agreement on Trade and Investment Facilitation) — CAREC доирасида савдо ва инвестицияларни енгиллаштиришга қаратилган битим.
Ўзбекистон ва ЕОИИ
Кудратов: МО давлатлари учинчи бозорларга чиқишда ЕОИИ имкониятларидан фойдаланиши мумкин