“БАХМАЛ” — бу нафақат кўргазма номи, балки рассом илҳом манбаига айланган заминнинг рамзи. Бахмал тумани Ойкор тоғ тизмалари орасида жойлашган бўлиб, серҳосил ерлари ва машҳур бахмал олмалари билан танилган. Худойберди Нурназаров ушбу жойнинг табиий гўзаллиги ва ҳаёт нафасини импрессионистик услубда ифода этади. Унинг бўёқлари зич, рельефли ва ҳаётий — худди бахмал матосидек юпқалик ва товланишга эга.
Кўргазмада рассомнинг турли жанрлардаги асарлари — пейзажлар, портретлар ва жанровий саҳналар намойиш этилган. Улар орқали муаллиф ўз Ватанига бўлган меҳрини, унинг табиати ва одамларига бўлган ҳурматини ифодалайди. Шу билан бирга, символик композициялар орқали Нурназаров ижодий изланиш доирасини кенгайтиради.
Худойберди Нурназаров — Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий санъат ва дизайн институтининг магистри (2007). У юқори таълим тизимида ўқитувчилик фаолиятини олиб борган ҳамда илгари Жиззах шаҳрида икки марта шахсий кўргазмасини ўтказган.
Рассомнинг сўзларига кўра, мактаб деворларида қишлоғидан чиққан рассом Исфандиёр Ҳайдаровнинг афишалари илиниб турарди. Ана шу афишалар унда рассомчиликка бўлган қизиқишни уйғотган.
"Мактабда расм фанидан сабоқ берган устозим Учқун ака — менга илҳом берган инсонлардан бири эди. У киши туфайли санъатга бўлган қизиқишим янада ортди ва мустаҳкамланди. Ғарбий Европа рассомларидан Анри Матис, Клод Моне, Ван Гог ва Гоген ижоди менга жуда ёқади", — деди рассом Худоберди Нурназаров Sputnik Ўзбекистон мухбири билан суҳбатда.
“БАХМАЛ” кўргазмаси томошабинни рассомнинг ички дунёсига чорлайди: бу ерда фактурали бўёқ орқали табиат, инсон ва шахсий хотира бир бутунга айланади.
Кўргазма фаолият вақти:
Сешанба — пайшанба, шанба ва якшанба кунлари: 12:00–20:00
Душанба ва жума — дам олиш кунлари
Сешанба — пайшанба, шанба ва якшанба кунлари: 12:00–20:00
Душанба ва жума — дам олиш кунлари
Кўргазма 2025 йилнинг 22 ноябрига қадар давом этади.