ТОШКЕНТ, 11 ноя — Sputnik. “Ўзбекистон темир йўллари” Россия ва Қозоғистон билан ташувлар учун ягона имтиёзли тариф жорий этишни “Евроосиё агрологистика” компанияси бош директори Алевтина Кирилова билан муҳокама қилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат Тошкентда бўлиб ўтди. Томонлар Ўзбекистон, Россия ва Қозоғистон ўртасида агроэкспорт юкларини темир йўл орқали ташиш имкониятларини кенгайтириш, ҳамкорликни кучайтириш ҳамда “Агроэкспресс Марказий Осиё – Россия” лойиҳасини ишга тушириш йўналишларини кўриб чиқди.
Мулоқотда уч давлат темир йўллари ўртасида ягона имтиёзли тариф жорий этиш, божхона ва чегара жараёнларини соддалаштириш зарурлиги ҳам таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар Қозоғистон билан биргаликда уч томонлама учрашув ташкил этиш ҳамда лойиҳани амалга ошириш бўйича амалий қадамларни келишиб олишди.