ТОШКЕНТ, 11 ноя — Sputnik. Россия жорий йилнинг дастлабки 10 ойида Ўзбекистонга 938 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга кўп. Бу ҳақда Россиянинг “Агроэкспорт” федерал маркази хабар берди.
Экспорт таркибининг асосини шакар ва шакар хомашёси ташкил этди — январь–октябрь ойларида бу маҳсулотлар 188 миллион долларлик ҳажмда етказиб берилган. Иккинчи ўринда шоколадли қандолат маҳсулотлари (82 млн доллар), учинчи ўринда эса соя шроти ва кунжараси (61 млн доллар) жой олди.
Бундан ташқари, Россия Ўзбекистонга нон ва қандолат маҳсулотлари, ширин газланган ичимликлар, майонез, соуслар, маргарин, пишлоқ, творог, музлатилган балиқ, ҳайвонлар учун озуқа, қаҳва ва парранда гўшти етказиб бериш ҳажмини ҳам сезиларли оширган. Хусусан, парранда гўшти экспорти 2,7 баробарга, эрийдиган қаҳва икки баробарга, тирик ҳайвонлар етказиб бериш 12 баробарга кўпайган.
“2018 йилдан 2024 йилгача Ўзбекистон бозорига Россия озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш 2,8 баробарга ошди. 2030 йилга келиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 1,4 миллиард доллардан ошиши мумкин”, — деди “Агроэкспорт” маркази раҳбари Илья Илюшин.
Шунингдек, Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ўзбекистондаги вакили Алексей Ульянов таъкидлашича, Россия келгусида шакар, парранда гўшти, сут ва балиқ маҳсулотлари, тирик қорамол ва майда шохли моллар етказиб бериш ҳажмини янада ошириш имкониятларига эга.