Маданий ҳамкорлик: 2026 йилда Беларусда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилади

Ўзбекистон ва Беларусь театр ҳамда маданий мерос соҳаларида ҳамкорликни кучайтириб, Беларусда “Ўзбекистон маданияти кунлари”ни ўтказишга келишди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 ноя – Sputnik. 2026 йилда Беларусда Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш ва Ҳукуматлараро комиссия доирасида маданият бўйича қуйи қўмита тузиш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур келишувлар Тошкент шаҳрида Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Беларусь маданият вазири Руслан Чернецкий бошчилигидаги делегациялар ўртасида ўтказилган ҳамкорлик учрашуви доирасида расмийлаштирилди.
Шунингдек, учрашувда маданий таълим, театр, кино ҳамда номоддий маданий мерос соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида икки мамлакат филармониялари ва театрлари ўртасида қатор ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Жумладан:
Ўзбекистон Давлат филармонияси ва Г.И. Цитович номидаги Беларусь Миллий академик халқ хори;
Беларусь Катта театри ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри;
Ўзбекистон Давлат мусиқали комедия (оперетта) театри ва Беларусь давлат филармонияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар имзоланди.
Тошкентда Беларусь маданияти кунлари бошланди