Ўзбекистонлик ёзувчига Россиянинг нуфузли мукофоти топширилди

Танқидчилар: Роман вақт ва тарих, иймон ва цивилизациялар тўқнашуви ҳақидаги фалсафий концептуал асардир.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. Машҳур ёзувчи Сухбат Афлатуни (Евгений Абдуллаев) ўзининг “Катехон” романи учун нуфузли “Ясная Поляна” адабий мукофотининг “Замонавий рус насри” номинациясида ғолиб бўлди. Бу ҳақда "Год литературы" нашри хабар берди.
Сухбат Афлатуни (Евгений Абдуллаев)
Тақдирлаш маросими Москванинг Катта театридаги Бетховен залида бўлиб ўтган. Афлатуни йилнинг энг асосий йўналишида ғолиб бўлган ва нутқ сўзлаган.
Мунаққидларнинг фикрича, “Катехон” — вақт ва тарих, ишонч ва цивилизациялар тўқнашуви ҳақидаги фалсафий роман бўлиб, асарда бош қаҳрамон Фарҳод ва немис аёли Аннанинг тақдирлари орқали турли маданий тафаккурлар қарама-қаршилиги ёритилади.
Сухбат Афлатуни нутқида романнинг чоп этилишида кўмак берган “Елена Шубина” нашриёти ва уни ёзувчиликка ундаган ижодкорларни, жумладан, Лев Толстой ва Александр Солженицинни эслаб ўтди.
“Ясная Поляна” — адабиёт соҳасидаги энг нуфузли рус адабий мукофотларидан бири бўлиб, замонавий адабиётда чуқур фалсафий ва инсоний ғояларни тарғиб қилувчи асарлар учун берилади.
Сухбат Афлатуни — Ўзбекистонлик ёзувчи, таржимон ва адабиётшунос. У рус тилида ижод қилади, асарларида тарих, фалсафа ва миллий мавзуларни уйғунлаштиради.
Ёзувчининг бошқа асарлари: “Катта балиқлар” (роман), “Ердаги жаннат” (роман), “Тошкент романи” (Роман), “Волхв саждаси” (Роман), “Уйқусиз кактуслар паноҳида” (ҳикоялар тўплами).
Сухбат Афлатуни "Катехон"