ТОШКЕНТ, 15 окт — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Сурия президенти Аҳмад ал-Шарани қабул қилди. Кремлда бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама муносабатларни муҳокама қилинди.
Путиннинг таъкидлашича, Россия ва Сурия орасида ўнлаб йиллар давомида алоҳида муносабатлар ривожланиб келган ва бу муносабатлар ҳар доим ўта дўстона бўлган.
"Биз 80 йилдан ортиқ дипломатик алоқаларни давом эттирдик ва улар Россия учун, Совет Иттифоқи учун энг оғир пайтларда, 1944 йилда ўрнатилган", деди Путин. Россия раҳбарининг таъкидлашича, Москва Дамашқ билан муносабатларида доимо Сурия халқи манфаатларини ҳисобга олган.
Путин, шунингдек, Сурияда парламент сайловларини катта муваффақият деб атади.
"Бу жамиятнинг бирлашишига олиб келади. Сурия айни пайтда оғир кунларни бошдан кечираётганига қарамай, бу барча сиёсий кучлар ўртасидаги алоқа ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлайди", деди Россия президенти.
Ўз навбатида, ал-Шара Сурия Россия билан муносабатларини янгилашга интилиб, мамлакат ва минтақадаги барқарорликка эътибор қаратишини маълум қилди. У икки давлатни муҳим ҳамкорлик кўприклари, жумладан, моддий ҳамкорлик боғлаб туришини таъкидлади.
Бу Ал-Шаранинг Россияга биринчи ташрифи. Бир кун аввал Сурия раҳбари СБС телеканалига берган интервьюсида мамлакат Москва ва Пекин билан стратегик манфаатлардан келиб чиққан ҳолда тинч муносабатлар ўрнатаётганини айтганди. У шериклари Дамашққа ижобий сигналлар юборганини баҳолади. Россия ва Хитой билан алоқалар Ғарб ёки АҚШ билан алоқаларга зид эмас, дея қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Сурияда ҳокимият алмашган эди. Ноябрь ойи охирида қуролли мухолифат гуруҳлари армия позицияларига қарши ҳужум бошлади, иккинчи йирик шаҳар Ҳалабни эгаллаб олди ва декабрда Дамашққа кирди. Президент Башар Ассад истеъфога чиқди ва мамлакатни тарк этди. Январь ойи охирида Аҳмад ал-Шара ўтиш даври учун давлат раҳбари деб эълон қилинди. Унинг Путин билан учрашуви икки томон ўртасидаги энг юқори даражадаги илк юзма-юз мулоқот бўлди.