ТОШКЕНТ, 13 окт – Sputnik. Профилактика ишларини амалга ошириш муносабати билан вақтинча тўхтатилган “Технопарк – Қипчоқ” бекатлари оралиғида метро поездлари ҳаракати жорий йилнинг 1 ноябрь санаси атрофида қайта тикланиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Toshkent metropoliteni” ДУК матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, ер усти ҳалқа йўли йўналишида олиб борилган режали профилактика ишлари доирасида кенг кўламли текширувлар ўтказилиб, аниқланган бир қатор камчиликлар бартараф этилган. Жумладан, йўл ҳолати тўғриланган, носоз шпаллар алмаштирилган, дренаж тизими текширилган ҳамда шағаллар ҳолати баҳоланган.
Аввалроқ ушбу йўналиш фаолиятининг тахминан 18 октябрь куни қайта йўлга қўйилиши ҳақида маълумот берилган эди.
Бироқ синов жараёнларини такомиллаштириш, поездлар ҳаракатини икки баробар тезлаштириш ва оралиқ интервални қисқартириш мақсадида бекатлар фаолияти 1 ноябрь атрофида қайта йўлга қўйилиши кутилмоқда.