Мирзиёев Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди

Президентлар олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида кўп қиррали шерикликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалаларини ҳам кўриб чиқишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 окт – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Мирзиёев мулоқотда Раҳмонни таваллуд куни билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлик ва бахт-саодат, биродар Тожикистон халқига фаровонлик ва бардавом равнақ тилади.
Давлат раҳбари Тожикистон президентининг мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётини таъминлаш ва халқаро нуфузини оширишдаги ўрнини қайд этиб, Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида таъкидлади.
Қайд этилишича, президентлар олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида кўп қиррали шерикликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалаларини кўриб чиқишди.
Савдо, саноат кооперацияси, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм, маданий-гуманитар алмашинув каби устувор йўналишларни қамраб олган амалий ҳамкорликнинг янги кун тартибини шакллантириш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Мирзиёев ва Раҳмон икки мамлакатда ўтказилиши режалаштирилган олий даражадаги икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси ва кун тартибини ҳам муҳокама қилди.
Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмонни туғилган куни билан табриклади