ТОШКЕНТ, 3 окт – Sputnik. Sputnik Ўзбекистон матбуот марказида “Марказий Осиё давлатларининг сув-энергетика ресурслари бўйича ҳамкорлиги” мавзусида Тошкент-Остона видеокўприги бўлиб ўтди.
Эслатамиз, сентябрда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон 2026 йилгача сув-энергетика ҳамкорлиги тўғрисида баённома имзолаган.
Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари Андрей Петров Марказий Осиёда энг йирик гидроэнергетика объектларидан бири - Қирғизистондаги Қамбарота-1 ГЭС қурилаётганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, техник топшириқ ва техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқишда Ўзбекистон томони ҳам иштирок этмоқда, бу эса, ўз навбатида, келажакда мазкур объектдан биргаликда ўзаро манфаатли фойдаланишни осонлаштириши мумкин.
“Сўнгги баённома доирасида энг муҳим масала - Тўқтағул сув омборининг ўлик ҳажмига етишига йўл қўймаслик муҳокама қилинди. Акс ҳолда, бу нафақат ирригация, балки энергетика эҳтиёжлари учун ҳам унинг кейинги фойдаланишини қийинлаштиради. Ўзбекистон компенсация механизмлари бўйича мажбуриятларни - ёз мавсумида кафолатланган сув таъминоти эвазига электр энергияси ва бошқа энергия ресурсларини етказиб беришни бажаришга тайёрлигини тасдиқлади”, - деди Петров.
Ўзбекистон Фанлар академияси Энергетика муаммолари институти етакчи илмий ходими Ўткир Тожиев Ўзбекистон ички дарёларнинг гидроэнергетика ресурсларини фаол ривожлантираётганини қайд этди.
“Пском ҳавзасида қурилиш ишлари бошланди, Чотқол дарёсини ўзлаштириш режалаштирилмоқда. Бунинг учун сув ресурсларидан фойдаланиш ва ҳар икки томоннинг энергетик эҳтиёжларини мувофиқлаштириш мақсадида Қирғизистон билан яқин ҳамкорлик қилиш керак”, - деди эксперт.
Мунозаралар чоғида экспертлар ўзаро фикр алмашишди ва журналистлар саволларига жавоб беришди.
Батафсил – Sputnik видеосида.