ТОШКЕНТ, 19 сен –Sputnik. Тошкентдаги Мовий гумбазлар хиёбонида Касбий таълим ва ўқитиш куни бўлиб ўтди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, тадбир Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда бир қатор халқаро ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан ташкил этилган.
“Тадбирнинг асосий мақсади ёшларда касбий таълимнинг аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, дуал таълим тизимини амалиётда намойиш этиш ҳамда давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришдан иборат бўлди”, – дейилади хабарда.
Тадбир давомида:
ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарига касбий йўналиш бўйича маслаҳатлар берилган;
касбий ўқиш орқали муваффақиятли карера қуриш имкониятлари ёритилган;
халқаро ташкилотлар иштирокида узлуксиз таълим ва малака ошириш йўналишлари муҳокама қилинган.
Шунингдек, иштирокчиларнинг касбий таълим бўйича билимларини синовдан ўтказиш учун турли ўйин, викториналар ва амалий машғулотлар ташкил қилинди.