Ростовнинг “Бонум” компанияси Ўзбекистонга ярим тиркамалар экспортини қайта йўлга қўймоқда

Компания ўзбекистонлик ҳамкорларига ярим тиркамаларнинг янги моделларини жўнатишни бошлайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 сен – Sputnik. Россиянинг Ростов-Дон шаҳрида жойлашган тентли ярим тиркамалар ишлаб чиқарувчи “Бонум” МЧЖ Ўзбекистон бозорига маҳсулот етказиб беришни қайта бошлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ростов вилояти ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
Вилоят губернатори ўринбосари Игорь Сорокиннинг маълум қилишича, корхона 2025 йил январидан бошлаб Қозоғистон ва Беларусга экспорт ҳажмини сезиларли даражада оширган. “Бонум” шу пайтга қадар 828 дона техника жўнатган бўлиб, шундан 71 таси хорижий шерикларга етказилган. Бу умумий ҳажмнинг 8,5 фоизини ташкил этган. Бир йил олдинги кўрсаткич эса атиги 0,5 фоизни ташкил қилгани айтилмоқда.
“Бундан ташқари, корхона Ўзбекистон бозорида фаолиятини қайта бошлашни режалаштирмоқда. Завод 2025 йилда ярим тиркамаларнинг янги моделларини ишлаб чиқди ҳамда жараённи автоматлаштириш ва маҳсулот турларини кенгайтиришга сармоя киритишни давом эттирмоқда”, — деди Сорокин.
Маълумотларга кўра, “Бонум” МЧЖ 2014 йил 10 июнда Ростов-Донда рўйхатдан ўтган. Асосий фаолияти — автотранспорт воситалари учун кузовлар, тиркама ва ярим тиркамалар ишлаб чиқариш. 2024 йилда компания даромади 14 миллиард рубль, соф фойдаси эса 2,5 миллиард рублга тенг бўлган.
“Бонум” илгари Ростов вилоятидаги “Ростовская” эркин иқтисодий зонасининг дастлабки резидентларидан бири бўлган. Унинг шўба корхоналари икки завод қуришни бошлаган бўлиб, уларда тиркама ва ярим тиркама техника ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда. Лойиҳаларга киритилган инвестициялар умумий ҳажми 500 миллион рублдан ортиқни ташкил қилади.
Ростов Ўзбекистонга атом энергетикаси соҳасида ёрдам беришга тайёр