ТОШКЕНТ, 17 сен — Sputnik. Умумий тарих халқаро ҳамкорлик учун пойдевор бўлиши кераклиги ҳақида Россия президенти Владимир Путин "Олтой – туркий халқлар ватани. Туркий цивилизация тарихи бошланиши" халқаро анжуман иштирокчиларига йўллаган табрик мактубида таъкидлади. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Табрикни Россия Федерацияси раҳбари ёрдамчиси Владимир Мединский ўқиб эшиттирди.
Унда анжуман туркшинус ва олтойшуносликнинг кенг кўламли илмий муаммоларини, шунингдек, Евросиёнинг бошқа халқлари келиб чиқиши билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишга бағишлангани ҳамда қитъа кўплаб қадимий цивилизациялар бешиги эканлиги таъкидланади.
"Ишончим комилки, тарихнинг умумий саҳифалари, аждодларимизнинг ҳарбий ва меҳнат ютуқлари минтақалараро ва халқаро гуманитар ҳамкорликни муваффақиятли ривожлантириш, инсонлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш учун мустаҳкам пойдевор бўлиши керак”, – дейилади Россия президенти табригида.
Қайд этилишича, Олтойнинг "Манжерок" дам олиш масканида ўтаётган тадбирда Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Венгрия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжондан етакчи олимлар ва мутахассислар Евросиёдаги тарихий-маданий масалаларни муҳокама қилиш учун тўпланишган. Асосий мавзулардан бири – умумий маданий-тарихий меросни ўрганиш асраб-авайлаш бўйича ҳамкорликдаги ишлар.
Бундан ташқари, халқаро муаллифлар катта гуруҳининг фундаментал асари – "Туркий цивилизация солномаси"нинг иккинчи жилди тақдимоти ўтказилиши режалаштирилган.