ТОШКЕНТ, 16 сен — Sputnik. Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Чуст туманидаги “Мегатон” корхонасининг газ-бетон блоки ишлаб чиқариш мажмуасида бўлди.
“Наманган” эркин иқтисодий зонасида жойлашган, "Туронбанк" томонидан молиялаштирилган газоблок корхонаси қурилишига 40 миллион доллар сарфланган. Бу ерга Хитой, Германия, Дания каби давлатлардан инновацион технологиялар олиб келиб ўрнатилган. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати ва самарадорлиги юқори.
Газобетон - Германия технологияси бўлиб, у энергия тежамкорлигини таъминлайди. Бино материалдан қурилган бинони ташқи изоляция қилиш шарт бўлмайди, ичкаридаги иссиқлик ва салқинлик тўрт карра кам йўқотилади. Натижада электр энергияси харажати 45 фоизгача қисқаради.
Ишлаб чиқаришда “Мегатон” корхонасига қарашли “Наманган цемент”нинг 550 маркали цементидан фойдаланилади. Бу орқали қўшилган қиймат занжири яратилган. Корхонада 500 та янги иш ўрни очилган.
Президент бу ердаги иш жараёни, лаборатория ва маҳсулотларни кўздан кечирди. Мутасаддилар маҳсулот сифати, иссиқ ва совуққа чидамлилиги ҳақида маълумот берди.
Мазкур корхонада йилига 600 минг метр куб маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бу вилоятда ғиштга бўлган эҳтиёжнинг 28 фоизини қоплаши кутилмоқда.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида автоклав газоблок девори, махсус клей, кимёвий қоришма ва сувоқларни маҳаллийлаштириш режалаштирилган.