Ўзбекистон Сент-Люсия билан дипломатик алоқалар ўрнатди

Ҳамкорлик ўз ичига савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги шерикликни қамраб олади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11-сен – Sputnik. Ўзбекистон ва Сент-Люсия ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатиш тўғрисидаги қўшма битим имзоланди. Бу ҳақида "Дунё" ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, икки давлат ҳукуматлари номидан ҳужжатларни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ва Сент-Люсиянинг БМТдаги доимий вакили Менисса Рамбалли имзолашган.
Томонлар халқаро ташкилотлар, хусусан, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олишган.
“Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини излаш бўйича икки томонлама алоқаларни фаоллаштириш тўғрисида келишувга эришилди”, – дейилади хабарда.
Таъкидланишича, мазкур ҳужжатларнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг Кариб ҳавзаси мамлакатлари билан ҳамкорлигини жонлантириш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Эътироф этиш жоизки, Кариб денгизининг шарқий қисмида жойлашган Сент-Люсия орол давлати Ўзбекистон дипломатик муносабатлар ўрнатган 163-мамлакатдир.
Маълумот ўрнида: Сент-Люсия Кариб денгизида жойлашган орол давлати бўлиб, қарийб 190 минг аҳоли сонига эга. Унинг иқтисодиёти асосан туризм ва қишлоқ хўжалигига таянади. Мамлакат тропик табиати ва халқаро маданий тадбирлари билан машҳур.