Нукусдаги ўқув машғулотида юз берган ҳодиса юзасидан расмий баёнот берилди

Миллий гвардиянинг Нукус шаҳрида ўтказган амалий ўқув машғулоти пайтида кичик портлаш юз берди. Оқибатда 10 нафарга яқин ҳарбий хизматчи жароҳат олган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 сен – Sputnik. Ўзбекистон Миллий гвардияси матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, 10 сентябрь куни Нукус дала ўқув майдонида Миллий гвардия шахсий таркиби иштирокида амалий машғулот ўтказилган.
Жараён давомида ўқув машғулоти учун мўлжалланган портловчи махсус воситанинг детонация шнури чақнаши натижасида кичик портлаш содир бўлган.

“Натижада 10 нафарга яқин ҳарбий хизматчи турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Уларнинг барчасига ўз вақтида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва ҳозирда соғлиғи тикланмоқда”, – дейилади баёнотда.

Ҳодиса юзасидан хизмат суриштируви тайинланган, мутасадди раҳбарлар томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.